2020 йилнинг 9 ойлик якунларига кўра, Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда 0,4 фоизга (2019 йилнинг 9 ойлигида 5,9 фоизга) ўсди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси ахборот хизмати томонидан тақдим этилган маълумотларда келтирилган.
Ўтган тўққиз ой ичида ЯИМ ўсишида қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалигининг ҳиссаси энг юқори бўлган. Мазкур тармоқда ишлаб чиқариш ҳажми 3,4 фоизга ошган ҳолда, ЯИМнинг 0,8 фоиз пунктга ўсишини таъминлаган.
Қурилиш тармоғида 8,6 фоизга юқори ўсиш суръатлари кузатилган бўлса-да, ЯИМ ўсишидаги ҳиссаси 0,5 фоиз пунктни ташкил этган.
«Саноат тармоғида ишлаб чиқариш ҳажмларининг 2,7 фоизга камайиши таъсирида ЯИМ ҳажмининг 0,7 фоиз пунктга камайиши кузатилган. Шунингдек, хизматлар соҳасида кузатилган 0,7 фоизга камайиш ЯИМ ўсишига -0,2 фоиз пункт салбий таъсир кўрсатган», — дейилади хабарда.
Маҳсулотларга соф солиқларнинг 0,6 фоизга камайиши, ЯИМ ўсишига сезиларли салбий таъсир кўрсатмади ва -0,04 фоиз пунктни ташкил этган.
Аввалроқ Ўзбекистонда аҳоли жон бошига ҳисобланган ЯИМ 1203 долларни ташкил этгани тўғрисида хабар берилганди.
Эслатиб ўтамиз, сентябрь ўрталарида Осиё тараққиёт банки 2020 йилда Ўзбекистон ЯИМ ўсишини 0,5 фоиз даражасида прогноз қилганди.