ОАВ ходимлари, журналистлар медиа-маконда ўз ҳақ-ҳуқуқлари, баҳсли ҳодисалар бўйича фикрлари билан бўлишиб, шу фикрлар юзасидан малакали юристлар, адвокатлар хулосасини олиб боришлари учун янги платформа яратилади — махсус веб-сайт очилади. Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Хўжаев маълум қилган.
Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда ишга тушириладиган ушбу платформада малакали ҳуқуқшуносларнинг, медиа йўналишидаги юристларнинг шарҳлари, видеолавҳалари, саволларга ёзган жавоблари, изоҳлари жойлаштириб борилади.
АОКА раҳбарининг сўзларига кўра, сайт 24 соат давомида ишлаб туради. Муайян масала ёки баҳсли вазият бўйича юрист томонидан берилган хулоса доим ўша саҳифада туради ва ундан исталган вақтда фойдаланиш мумкин бўлади.
«Бу, биринчидан, ОАВ вакилларининг ҳуқуқий онгини оширишга ёрдам беради, билимларини кучайтиради. Иккинчидан, давлат бошқаруви органидаги ОАВ билан ишловчи ходимлар, ахборот хизматлари, матбуот котибларининг самарали малакага эга бўлишига, билмаган масалалар бўйича жавоб олишларига хизмат қилади», — деган Асаджон Хўжаев.