Молдавия собиқ бош вазири ҳамда европапараст Ҳаракат ва бирдамлик мухолифат партияси етакчиси Майя Санду 1 ноябрь куни бўлиб ўтган мамлакат президенти сайловида овозларнинг 35,96 фоизини тўплади. Бу ҳақда Молдавия Марказий сайлов комиссияси сайловчиларнинг 99,67 фоиз бюллетенларини ҳисоблаб чиқиб маълум қилди, деб ёзади Meduza.

Фото: «24 Канал»

Амалдаги Игорь Додон овозларнинг 32,74 фоизини тўплади. «Бизнинг партия» етакчиси ва Бельци шаҳри мэри Ренато Усатий — учинчи ўринда (16,94%).

Шу тариқа, Санду ва Додон сайловнинг 15 ноябрга белгиланган иккинчи босқичига ўтади. Биринчи босқичда ғалаба қозониш учун номзодлар сайловчиларнинг 50 фоиздан ортиқ овозларини тўплаши керак эди.

1 ноябрь кунги сайловларда сайловчиларнинг 42,76 фоизи қатнашган. Сандунинг сайлов штаби овоз бериш чоғида 300 дан ортиқ қоидабузарликларни қайд этган.

Эслатиб ўтамиз, АҚШда президент сайловлари 3 ноябрь куни бўлиб ўтади. Унда амалдаги президент Дональд Трамп ва демократлардан номзод, АҚШ собиқ вице-президенти Жо Байден қатнашади.