Тошкент шаҳрида яшовчи фуқародан унга нисбатан жарима ёзмаслик эвазига 300 АҚШ доллари талаб қилган газ таъминоти идораси ходимлари ушланди, дея хабар бермоқда шаҳар ИИББ.
Маълум қилинишича, 21 октябрь куни Тошкент шаҳар ИИББга келиб тушган хабарга кўра, 13 октябрь куни уч нафар эркак ўзларини Сергели туман газ ишчилари сифатида таништириб, хонадонлардан бирида ноқонуний ўрнатилган иситувчи буғ қозон ва пол иситиш тизимини аниқлаб, жарима 8 миллион сўмни ташкил этишини айтишган.
Акт тузмасдан масалани ҳал қилиб беришни баҳона қилиб, мазкур шахслар хонадон эгасидан 300 АҚШ доллари миқдорида ноқонуний пул талаб қилиб, олдиндан тўлов тариқасида 520 000 сўм олиб кетишган. Шундан сўнг туман газ ишчилари мунтазам равишда фуқародан қолган 250 АҚШ долларини талаб қилиб юришган.
21 октябрь куни тахминан соат 13:00 да тезкор тадбир давомида Тошкент шаҳар ИИББ ЖҚБ иқтисодий хавфсизлик ва коррупцияга қарши кураш бўлими ходимлари Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамкорлигида «Ҳудудгаз Пойтахт» газ таъминотининг Сергели филиали ходими 30 ёшли Нурсултон Б.ни 250 АҚШ доллари олиш вақтида қўлга олди.
Шунингдек, ўз иш ҳудудларига қарашли бўлмаган манзилларни текшириб, хизмат ваколатларини суиистеъмол қилган «Ҳудудгаз Пойтахт» газ таъминотининг Сергели филиали ходимлари – 30 ёшли Давронбек М. ва фуқаро 27 ёшли Ҳамидулло А. ашёвий далиллар асосида суриштирувга жалб қилинди.
Тўпланган ҳужжатлар Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг туман бўлимига йўналтирилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Тошкент вилоятида ЙПХ командирига 350 доллар пора таклиф қилган шахс, Самарқандда тиббиёт олийгоҳига киритиб қўйишни ваъда қилиб, абитуриентдан 7 минг доллар олган стоматолог, Тошкентда бўшаб қолган депутатлик ўрнига сайланишда ёрдам бериш учун 3000 доллар сўраган депутат ва Жиззахда фуқарони 2 млн эвазига коронавирусга чалинганларни даволаш марказига ишга киритишни ваъда қилган ССБ мутахассиси қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)