Россияда ўтган бир сутка ичида яна 16 521 кишида коронавирус аниқланди. Бу ҳақда COVID-19 тарқалишига қарши кураш тезкор штабига таяниб, Meduza хабар берди.

Фото: «Интерфакс»

Бутун мамлакат бўйлаб коронавирусга чалинганлар сони 1 497 167 кишига етган. Шунингдек, ўтган бир сутка ичида 296 бемор коронавирус қурбонига айланган. Пандемия бошланганидан буён вирус оқибатида вафот этганлар сони эса 25 821 кишига етди.

Бундан ташқари, Россияда коронавирус билан касалланган беморларнинг 1 130 818 нафари ҳозирга қадар соғайган бўлиб, ўтган бир сутканинг ўзида уларнинг сони 11 567 кишини ташкил этди.

«Роспотребнадзор» маълумотларига кўра, мамлакатда коронавирус аниқлаш бўйича 56,7 миллиондан ортиқ лаборатория тадқиқотлари, жумладан, сўнгги 24 соат ичида 564 мингта тест ўтказилган.

Эслатиб ўтамиз, бир кун олдин Россияда коронавирусга чалиниш бўйича 17 340 та ҳолат қайд этилганди. Бу сутка давомида касалланганлар сони бўйича янги антирекорд ҳисобланади.