Сенат раиси Танзила Норбоева Сенатнинг 21 октябрь куни бўлиб ўтган саккизинчи ялпи мажлисида чин етим болаларни уй-жой билан таъминлаш учун давлат бюджетидан 30 миллиард сўм маблағ ажратилишини маълум қилди.

Йил бошида меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар ҳолатини танқидий кўриб чиқиб, мутасаддилар олдига аниқ вазифаларни белгилаб қўйган эдик. Ўшанда ота-онасиз болаларимиз меҳрибонлик уйларидан чиққанидан кейин қаерда яшайди, уй-жойи йўқ-ку, деб ҳокимлар билан фикр-мулоҳазалар алмашгандик.

Мана, келгуси йилда энди чин етим болаларни уй-жой билан таъминлаш учун биринчи маротаба 30 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланди. Энди болаларимизнинг меҳрибонлик уйидан чиққанидан кейин бошпанаси бўлади.

Танзила Норбоева, Сенат раиси

Маълумот учун, аввалроқ, март ойида Халқ демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси Ўрол Ўрозбоев ҳукумат қарори билан етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни турар жойлар билан таъминлаш тартиби белгилаб берилгани, аммо жойларда бу борадаги аҳвол яхши эмаслигини ёзган. Маълумотларга кўра, 2011—2019 йилларда Меҳрибонлик уйларининг жами 2307 нафар битирувчисидан 1024 нафари турар жойга муҳтож деб топилган. Бироқ 2020 йил январь ҳолатига кўра, уларнинг 450 нафари уй билан таъминланган холос. 574 нафари ҳалигача уй берилишини кутаётгани айтилган. Ўшанда депутат «Бошпанаси йўқ, кўчада сарсон юрган ёшларнинг, норасида гўдакларнинг келажаги, тақдири нима бўлади? Шунча қийинчилик ва синовларни бошидан ўтказгани камдай, энди улар жамиятдан, ҳаётдан ижтимоий етим сифатида узилиб қолиши керакми?», дея фикр билдирганди.