Интернетда янги iPhone 12 ва 12 Pro смартфонлари, шунингдек, уларнинг аксессуарларига оид маълумотлар тарқалмоқда. Янги iPhone’лар эга бўлган муҳим жиҳатлардан бири — смартфон қопқоғига ўрнатилган магнитлар. Ундан банк карталарини сақлашда ёки MagSafe қувватлантириш функциясини ишлатишда фойдаланиш мумкин, деб хабар беради Hi-Tech.Mail.ru.

Фото: Apple Insider

MagSafe магнит қувватлантиргичи смартфон қопқоғига қотирилади ва смартфонни симсиз қувватлантиришга хизмат қилади. Маълум бўлишича, у нафақат Qi стандарти бўйича ишлайди, балки кўплаб Android-смартфонларга ҳам мос келади — масалан, Pixel 5 ёки эгилувчан Samsung Galaxy Z Fold 2’га. Қувватлантириш қурилмаси магнитларда мустаҳкам жойлашиб, смартфонни зарядлайди.

Фото: Android Police

Фақат симсиз Qi-қувватлантириш қурилмасини 4 минг рублга (52 доллар) алоҳида харид қилишга шошмаслик керак. Чунки унинг максимал қуввати 15 ваттга тенг бўлиб, у худди iPhone’лардаги каби тез ишлаш ёки ишламаслиги номаълум.

Аввалроқ интернетда iPhone 12 Pro’нинг илк ҳақиқий видеоси пайдо бўлгани тўғрисида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, Apple октябрь ойидаги тақдимотида тўртта янги смартфонини намойиш этди: iPhone 12 Mini, iPhone 12, iPhone 12 Pro ва iPhone 12 Pro Мах. Барча гаджетлар компаниянинг А14 Bionic процессорига эга. Ишлаб чиқарувчининг таъкидлашича, бу ҳозирги кунда бозорда мавжуд энг кучли мобил процессор ҳисобланади.