Марсда ҳаёт изларини топиш эҳтимоли ортиб бормоқда. «РБК»нинг хабар беришича, бу ҳақда NASA директори Жим Брайденстайн 17 октябрь куни Марсни тадқиқ этувчилар жамиятининг видеоконференциясида айтган.

Фото: iStock

Брайденстайннинг таъкидлашича, Марсда ҳаёт борлиги ҳақида далил ҳозирча топилмаган. «Аммо бунинг эҳтимоли ортиб бормоқда. Қанчалик кўп излансак, бизнингча, ҳаёт учун зарур бўлган барча элементлар Марсда борлиги ёки бўлганлигини шунчалик биляпмиз», — деган у.

Унинг сўзларига кўра, аввалроқ олимлар Марсда органик молекулалар мавжуд деб тахмин қилган.

Июль ойи охирида NASA бортига мазкур аппарат ўрнатилган Atlas V ракета ташувчиси орқали Perseverance номли янги марсоходни учирганди. Режага кўра, у 2021 йилнинг 18 февралида Марс юзасига бориб қўниши керак.

Perseverance Марснинг ўтмишдаги микробиологик ҳаёт шакли аломатларини қидириш билан шуғулланади. У тупроқ намуналарини тўплайди (уни 2028 йилда Perseverance ёнига қўнадиган бошқа бир аппарат олиб кетади), шунингдек, сайёранинг иқлими ва об-ҳавосини ўрганади.

Аввалроқ БАА ўзининг космик зондини биринчи бор Япониядан туриб Марсга учиргани тўғрисида хабар берилганди. Орадан кўп ўтмай Хитой ҳам Марсга ўзининг биринчи миссиясини учирган.