Қирғиз президенти Сўронбай Жээнбеков мамлакатдаги норозилик ва сиёсой инқироз шароитида истеъфога чиқишини эълон қилди. Бу ҳақда Meduza хабар бермоқда.

Фото: Sputnik

Жээнбеков ҳукумат таркиби алмашганига қарамай, зиддият ва тажовузкорлик сусаймаганини, агар вазият ёмонлашаверса, қурол ишлатишга мажбур бўладиган намойишчилар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари ўртасида тўғридан-тўғри тўқнашув содир бўлишидан қўрқишини таъкидлаган.

«Мен ҳокимиятда интилмайман. Қирғизистон тарихида ўз халқига ўқ отган ва қон тўккан президент сифатида қолишни истамайман. Шу сабабли истеъфога чиқишга қарор қилдим. Ҳеч қандай ҳокимият мамлакатимиз бир бутунлиги ва жамиятдаги тотувликдан устун эмас», — деган у.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон президенти Сўронбай Жээнбеков 9 октябрь куни мамлакатдаги вазиятни ҳуқуқий майдонга қайтаришни исташини ва бунинг учун барча «зарур қарорларни» имзолашга тайёр эканлигини айтганди. «Жорий вазият яна қонуний ўзанига қайтиши, барча давлат тузилмалари ва ҳукумат қонуний мақомга эга бўлиши ва мамлакат тўғри йўлга тушиб олиши билан президент лавозимидан кетишга тайёрман», — деганди Жээнбеков.

14 октябрь куни Сўронбай Жээнбеков мамлакатнинг янги бош вазири Садир Жапаров билан учрашувда ҳозирги пайтда истеъфога чиқишга ҳаққи йўқлигини маълум қилганди.