1756–1763 йилларда Европа ва Америка қитъаларида юзага келган Етти йиллик уруш бутун дунёни ларзага солган қонли қатлиомлардан бири сифатида тарихда қолди. Бу ихтилоф доирасида рус армияси илк бор Берлинни эгаллаган эди. «Дарё» жанг тафсилотлари ҳақида ҳикоя қилади.
1754 йилда Буюк Британия колонияси бўлган Американинг Буюк кўллар ҳудуди ва Луизиана штатида инглиз ва француз аскарлари жангга кирди. Бир қарашда узоқдаги урушнинг Европа қитъасига таъсири йўқдек кўринса-да, айнан шу уруш Европа қитъасида манфаатлар қарама-қаршилигини янада зиддиятлаштириб юборди. Айнан шу пайтда Австрия ва Пруссиянинг ҳам муносабатлари ёмонлашиб турган вақт эди. Австрия империяси 1740–1748 йиллардаги мағлубият учун реваншни истаётган бўлса, Пруссия Марказий Европада ўз устунлигини тасдиқлашга интиларди.
Вена Пруссиянинг гегемонликка интилишидан хавотирга тушиб, азалий душмани Франциядан ёрдам олишга қарор қилди. 1756 йилда Версалда Франция ва Австрия ўртасида иттифоқчилик ҳақида битим имзоланди. Лондон эса Австрия ва Франциянинг мазкур иттифоқидан ғазабланди, чунки французлар билан иттифоққача Австрия Британиянинг Европадаги «ёлланма аскари» саналарди. Иттифоқ эса Британия тарафидан хиёнатдай баҳоланди. Ғазаб отига минган Британия «Рубикон кечуви»дан ўтишга ва Пруссия билан ҳарбий иттифоқ тузишга қарор қилди. Бу эса тез орада Европа қитъасида урушнинг юзага келишига олиб келди.
Халқаро муносабатлар тарихида мазкур воқеа «иттифоқчилар инқилоби» сифатида қолди. Етти йиллик урушнинг яна бир эътиборли жиҳати Россиянинг иштироки эди. Россия империяси ҳам, ўз навбатида, Пруссиянинг кучайиб бораётганидан хавотирланарди, чунки кучли Пруссия Россия империясининг Болтиқбўйидаги ҳудудларига хавф соларди. Устига устак Россия ҳам ўз қудратини Европага кўрсатиб қўйишга уринаётганди. Айнан Россия мазкур уруш давомида Пруссия пойтахти Берлинни таслим қилишга муваффақ бўлди.
Етти йиллик урушда бир тарафда Пруссия, Буюк Британия, Португалия иттифоқи Австрия, Швеция, Россия, Саксония ва Испанияга қарши жангга кирди. Пруссия қироли Фридрих II 1756 йилнинг 28 август санасида биринчи бўлиб Саксонияга қарши ҳужум бошлайди ва Саксонияни эгаллаб олди. Россия империяси эса Саксония ва Франция олдидаги мажбуриятларини бажариш учун Пруссияга қарши жангга кирди.
Пруссиянинг Саксонияга қарши жангидан Фридрих II қуйидаги мақсадларни кўзлаган эди: биринчидан, Саксония ҳудуди орқали Австриянинг Богемия ва Моравия ҳудудларига осонлик билан кириб боришни ва Элба ҳамда Одра дарёси орқали прус қўшинларининг ҳарбий таъминотини таъминлаш, иккинчидан, урушни душман ҳудудида олиб бориш орқали душманни тавбасига таянтириш, учинчидан, митти Саксониядан бор даромадини юлиб олиш. Фридрих II ўз мақсадига эришди. Прус қўшинлари Саксонияни шу даражада талайдики, ҳозирга қадар айрим саксонияликлар Берлин ва Бранденбург аҳолисини унчалик ҳам хушламасликлари билиниб қолди.
1760 йилда рус ҳарбийлари Берлин экспедицияси деб номланган ҳарбий амалиётни бошлайди. Пруссия пойтахтини ишғол қилиш учун генерал майор Тотлебен ва генерал-поручик Чернишевнинг қўл остидаги ҳарбий қисмга жанговар вазифа юкланди. 2 октябрь санасида Тотлебен Вустерхаузенга келди ва Берлинда 1 200 нафар прус ҳарбийлари шаҳарни ҳимоя қилаётганига гувоҳ бўлди. Мудофаа эса ўта мустаҳкамланганди.
Тотлебен жангга кирмай, Чернишев келгунга қадар жангни кечиктириб туришга қарор қилди. Бу орада Фридрих II душман қўшинининг кўплиги сабабли Берлинда башарти шаҳар душман қўл остига ўтадиган бўлса, деган хаёл билан озгина қўшинини қолдириб, Шпандауга жуфтакни ростлаган эди. 3 октябрь санасида Тотлебен қўшини Берлинни штурм қилишни бошлайди. Узоқ жанглардан сўнг Берлин таслим бўлди. 1760 йилнинг 9 октябрь санасида генерал Тотлебен бошчилигидаги рус қўшинлари ва австрияликлар Берлинни қўлга киритиб шаҳарга кирди. Шаҳардаги қурол-яроғ омборлари қўлга киритилди ва омборхоналарга ўт қўйилди. Шаҳар аҳлига товон тўлаш мажбурияти юкланди.
Бу орада Панин ва Красношоков қўмондонлиги остидаги казак қўшинлари қочиб кетаётган душманни таъқиб қилишга тушди. Улар прус арергардини тор-мор қилиб, мингдан ортиқ аскарни асирга олди. Лекин тез орада Фридрих II катта қўшин билан Берлинга келаётганини эшитган рус қўшинлари ва австрияликлар ўз қўшинларини Берлиндан олиб чиқиб кетди.
Берлиннинг ишғол қилиниши «Етти йиллик уруш»нинг тугашини билдирмаган бўлса-да, Пруссия пойтахтининг таслим бўлиши катта рамзий аҳамиятга эга эди. Шаҳар ҳокимияти томонидан рус генералига тақдим қилинган шаҳар калити ҳозирга қадар Петербургдаги Қозон соборида сақлаб келинади.
1761 йилнинг 25 декабрида Россия императори Елизавета Петровна вафот этди ва тахтга Пётр III ўтирди. Пётр Фридрих II нинг ҳақиқий ишқибози бўлгани сабаб дарҳол Фридрих II билан тинчлик битими имзолашга киришди. Россия Пруссиянинг босиб олган ҳудудларини Фридрих II га қайтариб бериш билан бирга, барча товон пулларидан воз кечди. Бу эса Пруссиянинг бир қарич ерини ҳам бой бермасдан келажакда урушни якунлашига катта ёрдам берди. 1763 йилнинг 15 февраль санасида Пруссия, Австрия ва Саксония ўртасида Губертусбург тинчлик шартномаси имзоланиши билан етти йил давом этган урушга нуқта қўйилди.
Жаҳонгир Эргашев тайёрлади.
Изоҳ (0)