1871 йил 8–10-октябр кунлари Американинг Чикаго шаҳрида ҳалокатли ёнғин рўй берди. Бунинг натижасида 300 га яқин одам ҳалок бўлди, аёвсиз олов шаҳарнинг тахминан 3,3 квадрат мил ҳудудини (9 км2) вайронага айлантирди ва 100 мингдан ортиқ аҳолини уйсиз қолдирди. «Дарё» бугун Буюк Чикаго ёнғини, унинг оқибатлари ва тафсилотлари ҳақида ҳикоя қилади.

Фото: Google Photos

Ёнғин шаҳар марказининг жануби-ғарбида жойлашган маҳаллада бошланди.  Узоқ вақт давом этган иссиқ, қуруқ, шамолли об-ҳаво шароити ва шаҳар қурилишида кенг қўлланилган ёғоч ёнғиннинг келиб чиқиши ва шиддат билан тарқалишида асосий восита бўлиб хизмат қилди.  Ёнғин Чикаго дарёсининг жанубий тармоғига ўтиб, шаҳар марказининг катта қисмини вайрон қилди.

Ёнғиндан сўнг шаҳарга узоқ-яқиндан ёрдам оқиб кела бошлади.  Чикаго ҳукумати келажакда рўй бериши мумкин бўлган шу каби ёнғинларнинг тез тарқалишини тўхтатиш учун қурилиш меъёрларини такомиллаштирди ва шу юқори стандартларга мувофиқ шаҳар тезда қайта тикланди. Буюк Британия томонидан ажратилган хайрия маблағлари Чикаго жамоат кутубхонасини ташкил этишига туртки берди.

Ёнғиннинг келиб чиқиши

Ёнғин 8 октябрь куни 21:00 да Дековен кўчаси 137-уй орқасидаги хиёбон билан чегарадош Ўлири оиласига тегишли кичик омборхонада ёки унинг атрофида бошлангани тахмин қилинади. Омбор ёнидаги шийпон ёнғин ҳамла қилган биринчи бино эди. Шаҳар маъмурлари ёнғиннинг аниқ сабабини шу пайтгача аниқ айта олмаган, аммо олдинги ёзда узоқ давом этган қурғоқчилик, асосан ёғочдан ясалган шаҳар иншоотлари ва ёнғин бошланган ҳудуднинг жануби-ғарбий қисмидан эсган кучли шамол оловнинг тез тарқалишини маълум маънода изоҳлайди.

Ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ҳақида эса бир қанча эртакнамо тахминлар мавжуд: оғилдаги фонарни ағдариб юборган ЎЛири хонимнинг сигиридан тортиб, бир гуруҳ эркакларнинг молхона ичида қимор ўйнаб, чироқни ағдариб юборганларигача (Murphy, Jim (1995) The Great Fire).

Ёнғин содир бўлган пайтда Чикагодаги иншоотларнинг учдан икки қисмдан кўпроғи бутунлай ёғочдан ясалган, аксарият уйлар ва бинолар тепаси тез ёнувчан смола билан қопланган эди. Шаҳарнинг барча пиёдалар йўлаклари ва кўплаб асосий йўллари ҳам ёғочдан қилинган эди. Ушбу омиллар фонида Чикагода 4 июлдан 9 октябргача атиги бир дюм (25 мм) ёмғир ёғди ва ёнғин олдидан қаттиқ қурғоқчилик юзага келди.

1871 йилда Чикагодаги ўт ўчириш бўлинмасида бутун шаҳарни ҳимоя қилиш учун атиги 17 та буғ насоси ва 185 та ўт ўчирувчи бор эди. Ўт ўчирувчилар бўлинмаси ёнғин ҳақидаги хабарга тезкорлик билан реакция билдиради, аммо қўриқчи Матҳис Шаффернинг хатоси туфайли улар дастлаб нотўғри жойга жўнатилади. Бу пайтга келиб эса ёнғин кенг ҳудудга тарқаб улгурган эди. Бундан ташқари, ўт ўчирувчиларнинг аксарияти жуда чарчаганди: улар олдинги ҳафтада кўплаб кичик ёнғинлар ва битта катта ёнғин билан курашган эди. Ушбу омилларнинг барчаси бирлашиб, кичик омборхонадан чиққан ёнғинни тарихий ҳалокатга айлантирди.

Фото: Google Photos

Ёнғиннинг тарқалиши

Ўт ўчирувчилар Дековен кўчасига етиб келишганида ёнғин аллақачон кучайган ва қўшни биноларга тарқалиб, марказга томон ёйилишни бошлаган эди. Ўт ўчирувчилар Чикаго дарёсининг жанубий тармоғи ва илгарироқ ёниб кетган ҳудуд табиий ўт ўчирувчи вазифасини ўтайди деб умид қилди. Аммо бутун дарё бўйлаб бир қанча кўприклар, дарахтзорлар, омборлар ва кўмир захиралари бор эди. Ярим тунда алангали чиқиндилар дарё бўйлаб учиб ўтиб, томлар ва жанубийгаз заводларига тушди.

Дарё бўйлаб ўтаётган оловнинг шаҳарнинг маркази томон тезлик билан ҳаракатланиши аҳолини саросимага солиб қўйди. Бу вақтда шаҳар мери Розвелл Б. Мэйсон яқин атрофдаги шаҳарларга ёрдам сўраб хабар юборди. Суд биноси ёниб кетгач, у бинони эвакуация қилишни ва маҳбусларни озод қилишни буюрди.  9 октябрь куни соат 2:30 да суд биносининг катта қўнғироғи қулаб тушди. Баъзи гувоҳлар унинг овозни бир чақирим (1,6 км) узоқликдан эшитганликлари ҳақида айтади.

Ҳаддан ташқари қизиб кетган ҳаво юқорига кўтарилиб, салқин ҳаво билан алоқага кирди ва олов айлана бошлаб, торнадога ўхшаш қиёфа ҳосил қилди.  Ушбу ёнғинли гирдоб чиқарган оловли чиқиндилар Чикаго дарёсининг асосий тармоғи бўйлаб керосин ташийдиган темир йўл вагонига қадар учиб борди ва дарё бўйлаб шаҳарнинг шимолий қисмига ёйила бошлади. Маҳаллий саноат корхоналарининг узоқ йиллардан бери йўқ қилишнинг нотўғри усулларидан фойдалангани натижасида дарёда тўпланиб қолган ёнувчан чиқиндилар ёнғиннинг тез тарқалишида яна бир омил бўлиб хизмат қилди.

Ёнғиннинг ўта шиддат билан ўсиб боришига қарамай, шаҳар ўт ўчирувчилари олов билан курашни давом эттирди.  Ёнғин дарёдан «ошиб ўтганидан» бир оз вақт ўтгач, шаҳар сув иншоотига ҳам ўт кетди. Бир неча дақиқа ичида унинг ички қисми аланга остида қолди ва бино вайрон бўлди. Шу билан шаҳар сув тармоқларидан маҳрум бўлди.

Ниҳоят, 9 октябрь оқшомида ёмғир ёға бошлади, аммо ёнғин аллақачон ўчириш мушкул аҳволда тарқалиб кетган эди.  Олов шимолий ҳудуднинг кам аҳоли истиқомат қилувчи қисмларидан ўтиб, аҳоли зич жойлашган ерларни ҳам ютиб юборди.

Ёнғиндан сўнг

Ёнғин тугагандан кейин у ўзидан қолдирган қолдиқлари ҳали жуда иссиқ эди, шу сабабли етказилган зарарни ўрганиш бир неча кунга чўзилиб кетди.  Охир-оқибат, ёнғин шаҳарнинг тахминан олти километр узунликдаги ва эни ўртача бир километр бўлган майдонини вайрон қилгани аниқ бўлди. Олов 809 гектардан ортиқ майдонни қамраб олди,117 километрдан ортиқ узунликдаги йўллар, 190 километр пиёдалар йўлаги, икки минг ёритгич чироқлар, 17 500 та бино ва 222 миллион долларлик мол-мулкни йўқ қилган эди. Бу шаҳарнинг 1871 йилдаги баҳосининг учдан бир қисмига тенг эди.

Фото: Google Photos

1871 йил 11 октябрда генерал Филипп Х. Шеридан шаҳарга ёрдамга етиб келди. Талончилик ва зўравонликнинг олдини олиш мақсадида шаҳар икки ҳафта давомида генерал Шеридан қўмондонлиги остидаги мунтазам қўшин, милиция бўлинмалар, полиция ва махсус ташкил этилган «Чикаго кўнгиллиларининг биринчи полка» воситасида ҳарбий ҳолатга келтирилди. Шериданнинг одамлари икки ҳафта давомида кўчаларда патруллик қилди, ёрдам омборларини қўриқлашди.  Ниҳоят, 24 октябрга келиб қўшинлар вазифаларидан озод қилинди ва кўнгиллилар хизмати тарқатиб юборилди.

1871 йилда Чикагодаги тахминан 324 минг аҳолидан 90 минг нафари (ҳар уч аҳолидан биттаси) уйсиз қолди. Харобалардан 120 жасаднинг қолдиқлари топилди, аммо ўлганлар сони 300 кишига етган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминлар бор. Шаҳар суди қурбонлар сонини аниқ ҳисоблашнинг иложи йўқ деб ҳисоблайди, чунки баъзи қурбонлар чўкиб кетган ёки ҳеч қандай қолдиқларсиз ёниб кетган бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Шаҳарга ёрдам тадбирлари

Ёнғин содир бўлганидан кейинги кунлар ва ҳафталарда мамлакатнинг турли бурчакларидан ва чет эллардан Чикагога озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа буюмлар билан бирга пул хайрия маблағлари ҳам кириб кела бошлади.  Ушбу хайр-эҳсонлар жисмоний шахслар, корпорациялар ва шаҳарлар томонидан қилинган эди.  Шаҳарга Нью-Йорк шаҳри кийим-кечак ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан бирга 450 минг доллар, Сент-Луис 300 минг доллар ва Лондон Кенгаши минг гвинея ҳамда шахсий хайрия маблағлари ҳисобидан етти минг фунт стерлинг берди.

Шотландиянинг Гринок шаҳрида (40 минг поп) шаҳар йиғилиши пайтида 518 фунт стерлинг ёрдам пули йиғилди. Чикагонинг тижорий рақиблари бўлган Синсиннати, Кливленд ва Буффалоларминглаб доллар маблағларни хайрия қилди.  Милуоки яқин атрофдаги бошқа шаҳарлар билан бирга ёнғинга қарши воситаларни юборишда ёрдам берди.  Бутун қитъадан поездда озиқ-овқат, кийим-кечак ва китоблар олиб келинди.

Биринчи жамоат черкови жамоат тартибини сақлаш учун зарурий чоралар кўришни бошлади. Нархларнинг кўтарилиши мавжуд шароитнинг энг муҳим муаммоларидан бири эди. Шаҳар ҳукумати 12 унция (340 г) нон нархини саккиз сент қилиб белгилади. Жамоат бинолари бошпана жойи сифатида очилди.  Ушбу воқеадан кейин уйсиз қолган кўплаб одамлар умрининг охиригача нормал ҳаётга қайта олмади, чунки уларнинг барча шахсий ҳужжатлари ва мол-мулклари оловда ёниб кетган эди.

1872 йил апрель ойида шаҳар кенгаши Буюк Британиянинг саккиз минг жилддан зиёд хайрия манбалари ҳисобидан Чикаго жамоат кутубхонасини ташкил этиш тўғрисида фармон чиқарди.

Фото: Google Photos

Ёнғин атрофидаги мулоҳазалар

Ёнғин Қўшма Штатлардаги ривожланиш ҳақидаги саволларга ҳам сабаб бўлди. Ўша пайтда Чикагонинг жадал кенгайиши ва саноатлаштирилиши туфайли ёнғин аслида келтириб чиқариши мумкин бўлганидан кўпроқ талафотларга олиб келди, дея ҳисобловчилар пайдо бўлди.  Диний нуқтаи назардан келиб чиқиб, баъзи америкаликлар яна эски ҳаёт тартиботларига қайтиш керак, одамлар анъанавий ахлоқни эътиборсиз қолдирганликлари натижасида ушбу ёнғин келиб чиқди, деб ўйлай бошлади.

Баъзилар эса ушбу ёнғиндан сабоқ олиш ва шаҳарлар қурилиш техникасини янада яхшилаш керак, дея фикр билдирди. Шунингдек, фикр билдирганлар орасида ғишт деворлар ва интизомли ўт ўчириш тизими ҳамда полиция ўлим ва етказилган зарар миқдорининг бу қадар кенг кўламли бўлмаслигини таъминлаши мумкин эди, деб ҳисобловчилар ҳам бўлди.

Ёнғиндан кўп вақт ўтмай, шаҳар маъмурияти ўзининг ёнғинга қарши кураш стандартларини қайта ёзишни бошлади. Тез орада Чикагода мамлакатнинг етакчи ёнғинга қарши кураш тизими яратилди.

Гурдон Салтонсталл Хабард каби бизнес эгалари ва чайқовчилар тезда шаҳарни қайта тиклашга киришди.  Қайта қуриш учун олиб келинган биринчи ёғоч юки охирги ёниб кетган бино ўчирилган куниёқ етказиб берилди. Орадан 22 йил ўтгач, Бутунжаҳон Колумбия кўргазмаси томонидан Чикаго 21 миллиондан зиёд меҳмонни қабул қилди.  Катта очилиш маросимидан 13 кун ўтгач, ёниб кетган «Palmer House» меҳмонхонаси олинган кредитлар эвазига юқори стандартларга биноан қайта қурилди ва «дунёдаги биринчи оловга чидамли бино» деб эълон қилинди.

1956 йилда В. Дековен кўчасида жойлашган Ўлерининг асл мулкидаги қолган қолдиқ иншоотлар Чикаго ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ўқув машғулотларини олиб борадиган Чикагодаги ёнғин хавфсизлиги бўлимининг ўқув маркази сифатида қайта қурилди.  1961 йилда ҳайкалтарош Эгон Вайнер томонидан ясалган «Олов устунлари» деб номланган оловнинг бронзадан ясалган ҳайкали ёнғин келиб чиққан жойга ўрнатилди.

Фото: Google Photos

Омон қолган иншоотлар

Ёниб кетган шаҳарнинг қуйидаги иншоотлари ҳанузгача сақланиб қолган:

  1. Авлиё Майкл черкови, Эски шаҳар;
  2. Чикаго сув минораси;
  3. Чикаго проспектидаги насос станцияси
  4. Полициячи Констабле Беллингернинг Н. Гадсон 2121да жойлашган уйи

Авлиё Майкл черкови ва насос станциясининг ҳар иккаласи ҳам ёниб кетди, аммо ташқи қиёфаси омон қолган бино омон қолган деворлар ёрдамида тикланди. Бундан ташқари, яшаш жойлари вайрона ҳолатига келган бўлса-да, Сейнт Жеймс собори қўнғироқ минораси ёнғиндан омон қолди ва қайта қурилган черков таркибига киритилди.  Минора тепасидаги тошлар ҳали ҳам куя ва тутундан қорайганлигича турибди.

Ёнғин нимадан келиб чиқди?

Деярли ёнғин чиққан пайтдан бошлаб унинг келиб чиқиши ҳақидаги турли хил назариялар тарқала бошлади. Энг машҳур афсона ёнғин Ўлери хоним сигирини соғадиган молхонадан келиб чиққанини таъкидлайди – сигир фонарни тепиб юбориб, омборга ўт қўяди. Ўлери оиласи буни рад этди, аммо сигир ҳақидаги ҳикоялар шаҳар бўйлаб тарқалиб улгуради.  Кетрин Ўлери мукаммал гуноҳкордек туюлди: у камбағал, ирланд католик муҳожири эди. XIX асрнинг иккинчи ярмида бутун АҚШ ва Чикагода Ирландияга қарши кайфият кучли эди.

Бу шаҳар Ирландия аҳолисининг кучайиб бораётган сиёсий қудрати натижасида янада кучайган эди. Бундан ташқари, Қўшма Штатлар аҳолиси католикларга нисбатан совуқ муносабатда бўлиб, уларга ишонмас эди. Шу сабабданми, ушбу воқеа ҳали ёнғин ўчмасидан олдин Чикагода тарқалиб кетиб, ҳатто «Чикаго Трибуна» газетасининг ҳалокатдан кейинги биринчи сонида чоп этилади.  1893 йилда мухбир Майкл Аҳерн «сигир ва фонар» ҳикоясининг уйдирмалигини тан олиб, уни инкор этади, аммо ҳатто унинг тан олиши ҳам афсонага ишониб қолганларни тинчлантиролмади.

Ўлериларга ҳеч қачон расмий равишда ёнғинни келтириб чиқариш айблови юкланмаган бўлса-да, воқеа маҳаллий тарихшуносликка шу қадар сингиб кетганки, Чикаго шаҳар кенгаши 1997 йилда оилани ва сигирни расман оқлашга «мажбур бўлди».

Ҳаваскор тарихчи Ричард Бэйлз ёнғин у ҳақида биринчи хабар берган Салливан сут ўғирламоқчи бўлган пайтда омборда пичан ёқиб юборганида бошланганини тахмин қилмоқда. Бэйлз далилларининг бир қисми Салливаннинг кўрсатмаларини ўз ичига олади. 1871 йил 25 ноябрда Чикагодаги ўт ўчирувчилар идорасида ўтказилган суриштирувда оловнинг оғилнинг ён томонидан ўтаётганини кўрган Даниэль Дековен кўчаси бўйлаб ҳайвонларни озод қилиш учун югурганини даъво қилган.

Энтони ДеБартоло Чикаго Трибуне газетасидаги икки мақоласида ёнғиннинг қимор ўйини пайтида бошлаган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди. Гувоҳлардан бирининг сўзларига кўра, ёнғин содир бўлган тунда у Ўлериларнинг омборида уларнинг ўғилларидан бири ва бошқа айрим маҳалла болалари билан қимор ўйнайди. ЎЛери хоним соат 9:00 атрофида қиморчиларни қувиш учун молхонага чиққанда, улар фонарни уриб туширишади. Бироқ ушбу кўрсатма кўпчилик томонидан маъқулланмади.

Фото: Google Photos

1882 йилда Игнатиус Л. Доннелли томонидан таклиф қилинган муқобил назарияга кўра, ёнғин метеорит ёмғиридан келиб чиқди. Аэрокосмик корпорация ва Америка аэронавтика ва астронавтика институтининг 2004 йилги конференциясида муҳандис ва физик Роберт Вуд ёнғин Биэла кометасининг парчаси Ўрта ғарбга таъсир қилганида бошланган, деб тахмин қилади.  Биэланинг кометаси 1845 йилда парчаланиб кетди ва шу пайтгача унинг таъсири кузатилмади.

Вуд метеорит таъсирида бир кунда тўртта йирик ёнғин содир бўлганини таъкидлайди. Унинг сўзларига кўра, ёнғинлар, одатда, кометаларда учрайдиган метан туфайли содир бўлган. Метеоритларнинг ерда оловли шаклда учраш ҳолатлари шу кунга қадар фанда қайт этилмаганлиги боис бу назария илмий жамоатчиликда ўз фойдасини топмади.

Алоқадор воқеалар

Кузнинг ўша иссиқ, қуруқ ва шамолли кунида Мичиган штатида кўл бўйида Буюк Чикаго ёнғини билан бир вақтда яна учта йирик ёнғин содир бўлди.  Шимолдан 400 миля узоқликда жойлашган Пештиго ёнғини натижасида Висконсин штатининг Пештиго шаҳри ва бошқа ўнлаб қишлоқлар ёниб кетди. Фожиа 1 200–2 500 кишининг ўлимига сабаб бўлди ва тахминан 1,5 миллион гектар майдонни эгаллади. Пештиго ёнғини ҳозиргача Америка тарихидаги энг қонли воқеа бўлиб қолмоқда.

Шарқдаги кўл бўйлаб Голландия, Мичиган ва бошқа яқин жойлардаги шаҳарлар ёниб кетди. Голландиядан шимолда тахминан 160 миля (160 км) узоқликда жойлашган Манисти ёғочсозлар жамияти ҳам аланга ичида қолди, бу «Буюк Мичиган олови» деган ном олди. 1871 йил 9 октябрда Чикагодан 140 мил (230 км) жанубда, Иллинойс штатидаги Урбана шаҳрида ёнғин чиқди ва шаҳарнинг марказий қисмини вайрон қилди.

Ёнғиннинг маданий ҳаётдаги акси

Чикагодаги Иллинойс университетининг спорт жамоалари 1982 йилдан буён Буюк Чикаго ёнғинини ёдга олиш мақсадида «Оловлар» деб номланади.

Теодор Драйзернинг 1912 йилда ёзилган «Молиячи» асари Филадельфия ҳақида ҳикоя қилса-да, 1871 йилги Чикагодаги ёнғиннинг бутун мамлакат бўйлаб фонд бозорлари ва молия дунёсига таъсирини тасвирлайди. 1938 йилда суратга олинган «Эски Чикагода» фильми воқеалари олов марказида кечиб, унда Ўлери оиласи бош қаҳрамонлар сифатида жуда хаёлий тасвирланган эди.

1974 йилда «Chikago Fire» футбол жамоаси қисқа муддатли Жаҳон футбол лигасида ўйнади. Америка футбол ассоциациясида яна бир «Chikago Fire» жамоаси мавжуд. Жим Мерфининг 1996 йилда чоп этилган «Буюк ёнғин» китоби болалар учун ёнғин ҳақида ҳикоя қилади.

2014 йилда Чикаго шаҳри ва Редмоон театри «Буюк Чикаго ёнғин фестивали»ни ўтказишда ҳамкорлик қилди. 2014 йил 4 октябрда бўлиб ўтган ушбу тадбир техник қийинчиликлар қурбонига айланди, Чикаго дарёсидаги 1 871 та уйнинг нусхалари олдинги кунлардаги электр муаммолари ва кучли ёмғир туфайли яхши ёниб кетмади.

Дилбар Исматуллаева тайёрлади.