Коронавирусга чалинган АҚШ президенти Дональд Трампга ҳарбий госпиталдан жавоб берилди, дея хабар қилади «РБК» Bloomberg’га таяниб.

Фото: АP

Президент касалхона биносидан қўриқчилари ҳамроҳлигида чиққан, у тиббий ниқобда бўлган. Трамп тиббий муассаса биноси ёнида тўпланган журналистларнинг саволларига жавоб бермаган.

АҚШ президенти касалхонадан Оқ уйга вертолётда йўл олган. Аммо қароргоҳга етиб келгач, зинадан кўтарилиб, «ноодатий йўналиш» билан бинога кирган, деб хабар бермоқда CNN телеканали. Балконда у ниқобини ечиб, мухбирларга кўриниш берган.

Кейинроқ Трамп Twitter’ида америкаликларга видеомурожаат йўллаган. Давлат раҳбари уларни коронавирусдан қўрқмасликка чақирган.

«У ҳаётингизни бошқаришига йўл қўйманг. Биз уни енгамиз. Бизда энг яхши тиббий ускуналар, энг яхши дорилар бор, буларнинг барчаси яқинда ишлаб чиқилди», — деган Трамп. Шунингдек, президент COVID-19’га қарши вакцина тез орада пайдо бўлишини ваъда қилган.

Бундан ташқари, АҚШ раҳбари видеомурожаатда ўз аҳволи ҳақида ҳам айтиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, у касалхонадан икки кун аввал ҳам чиқиб кета олган бўларди: ўшандаёқ у ўзини анча яхши ҳис қилган. «Биламан, хавф бор, аммо бу нормал ҳолат. Аҳволим анча яхши. Балки, менда иммунитет бордир», — деган у.

Эслатиб ўтамиз, Дональд Трамп ва унинг рафиқаси Меланиянинг 2 октябрь куни коронавирусга топширган тести ижобий чиққан. Сўнг у Уолтер Рид номидаги миллий ҳарбий тиббиёт марказида даволанди.

Аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп ўз тарафдорлари билан учрашиш учун бироз вақтга шифохонани тарк этгани хабар берилган эди. Шунингдек, АҚШ президенти Дональд Трамп коронавирусга топширган биринчи тестининг жавоби ижобий чиққанини яширгани маълум бўлганди.