Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида мамлакат парламентига бўлиб ўтган сайловлар натижаларидан норози бўлган минглаб одамлар кўчаларга норозилик намойиши учун чиқди. Милиция ходимлари намойишчиларни сув замбараклари ҳамда ёруғлик ва шовқин чиқарувчи гранаталар ёрдамида тарқатиб юборди. Бу ҳақда Meduza хабар берди.

Фото: «ТАСС»

Намойиш 5 октябрь куни кундузи бошланган, унда қатнашганлар сони олти минг кишига етган. Намойишни парламентда депутатлик ўрнига эга бўла олмаган 11 та партия қўллаб-қувватлаган. Намойишнинг дастлабки соатларида милиция куч ишлатмаган ва йиғилганларни тарқалишга чақирган.

Намойишчилар ҳукумат биноси томон ҳаракатланиб, қароргоҳ дарвозасини синдирган ва унинг ҳудудига киришга уринган. Шундан сўнг намойишчиларни тарқатиш ҳаракати бошланган. Куч тузилмалари махсус техника ҳамда ёруғлик ва шовқин чиқарувчи гранаталардан, сув замбаракларидан фойдаланган. Намойишчилар уларга қарата тош отган.

Фото: «ТАСС»

Фото: «ТАСС»

Тўқнашувлар оқибатида намойишнинг бир нечта иштирокчиси жароҳат олган. Улар орасида «Ата Мекен» партияси етакчиси Жанар Акаев ҳам бор, у оёғидан жароҳат олган. Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги икки нафар милиция ходими жароҳат олганини маълум қилган. Намойишчилар чиқинди идишларини ағдариб, уларни ёқиб юборган. Шаҳар марказида бир нечта автомобилга зарар етказилган.

Ҳукумат биноси олдидаги намойишчилар тўлиқ тарқатилган. Уларнинг катта қисми қўшни кўчаларда қайта тўпланган. Милиция намойишчиларни ҳайдаш билан бирга, унинг қатнашчиларини қўлга олишни ҳам бошлаган.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистонда парламент сайлови 4 октябрь куни бўлиб ўтди. Дастлабки маълумотларга кўра, парламентда депутатлик ўрнига эга бўлиш учун зарур бўлган етти фоизлик довондан тўртта партия ўта олган. Бунда парламентдаги ўринларнинг ярмини умумий ҳисобда «Биримдик» ва «Мекеним Қирғизистон» партиялари эгаллаган. Қайд этилишича, «Биримдик» партияси президент Сўронбой Жээнбеков оиласи билан яқин алоқаларга эга, иккинчи партия эса Қирғизистондаги  энг нуфузли кишилардан ҳисобланадиган ака-ука Матраимовлар билан боғлиқ.