Беларусь мухолифати раҳбари Светлана Тихановская Франция президенти Эммануэль Макронга Александр Лукашенко режими билан мулоқотда воситачи бўлишни сўраб мурожаат қилди. Бу ҳақда Тихановская ОАВга берган интервьюсида маълум қилди, деб ёзмоқда «Korrespondent.net».

Фото: EPA

Қайд этилишича, Тихановская мазкур таклифни Макроннинг Вилнюсга ташрифидан бир кун олдин билдирган.

«Ҳозир Беларусь мулоқот ташкил қилишга муҳтож бўлган вақт келди», — деди Тихановская.

Унинг сўзларига кўра, Макрон Беларусдаги сиёсий инқирозни бартараф этиш бўйича бундай мулоқотда воситачилардан бири бўлиши мумкин. Шунингдек, Тихановская Макрон билан унинг Литвага икки кунлик ташрифи чоғида учрашиш истагини билдирди.

Франция президенти маъмурияти томонидан маълум қилинишича, бундай учрашув Макроннинг расмий ташрифи дастурида кўзда тутилмаган, аммо учрашув истисно ҳам этилмаган.

Шу билан бирга, Тихановская Россия президенти Владимир Путин ҳам Беларусь мухолифати ва Лукашенко режими ўртасидаги мулоқотда воситачи бўлиши мумкинлигини таъкидлаган.

Шунингдек, Беларусь мухолифати раҳбари нафақат зўравонлик, инсон ҳуқуқлари бузилиши ва сайловдаги фирибгарликлар билан шуғулланган айрим мансабдор шахсларга қарши халқаро санкцияларни, балки Лукашенка режими томонидан молиялаштириладиган тадбиркорлик субъектларига қарши иқтисодий санкцияларни ҳам қўллаш тарафдори эканлигини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, 23 сентябрь куни Александр Лукашенко яширинча инаугурация маросимини ўтказган ва расман Беларусь президенти лавозимида иш бошлаган. Бу эса мамлакатда норозиликларнинг янги тўлқини юзага келтирди.

Шундан сўнг Литва, Латвия, Эстония, Словакия, Украина, Германия, Канада, Польша, АҚШ, Швеция, Норвегия, Буюк Британия ва Европа Иттифоқи Лукашенкони Беларуснинг қонуний президенти сифатида тан олишдан бош тортди.

Беларусь мухолифати етакчиси Светлана Тихановская Александр Лукашенконинг Беларусь президентлиги лавозимига яширин инаугурациясига бағишланган видеомурожаат йўллаб, унда ўзини беларус халқининг ягона етакчиси деб атади.