Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Муҳаммаджон Обидов пневмония касаллигига чалингани сабаб 28 сентябрь куни истеъфо берди. Бу ҳақда у Facebook’даги саҳифасида маълум қилган.

Фото: Facebook

«17 сентябрдан буён пневмония касаллиги билан шифохонадаман. Бироз жиддийроқ келди. Ўпканинг 45 фоизи шикастланган. Шуҳрат Ғаниевни кузатиш, Хайрулло Бозоровни тайинлаш маросимида ҳам иштирок этолмадим. Врачлар яхши қарашяпти. Аммо ўзгариш жуда суст. Ҳокимликнинг ахборот хизматини бир кун ҳам эгасиз қолдириб бўлмайди. Қолаверса, янги ҳоким иш бошлади. Шунинг учун бугун бир қарорга келдим: Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбарлигига истеъфо бердим. Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров билан илгари ҳам, ҳозир ҳам учрашмаганман. Шундай бўлса-да, касаллигимни инобатга олиб, аввал тузалиб чиқсин ёки телефонда бир сўзлашай, демасдан истеъфомни қабул қилибдилар. Хурсанд бўлдим.

Бир йил Ғаниев билан астойдил, фидойилик ва садоқат билан ишладим. Янги тизим — ахборот хизмати имиджини ҳам яратдик. Мен шу давр фаолиятим билан фахрланаман. Ғаниев кучли шахс ва буни республика миқёсида қиладиган ишлари билан исботлашига аминман.

Дўстлар, менинг истеъфомни бошқача талқин қилмай, қандай бўлса шундайлигича қабул қиласизлар, деб умид қиламан. Қўлингиздан келса, дуо қилиб қўйинг», – деб ёзади Муҳаммаджон Обидов.

Фото: Фарғона вилоят ҳокимлиги

Муҳаммаджон Обидов 1951 йил 16 апрелда Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида туғилган. 1973 йили Тошкент давлат университетининг журналистика факультетини тамомлаган.

У 2004 йилдан буён Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими раиси ҳисобланади. 2020 йил 22 январда вилоят ҳокимлиги муассислигидаги «Фарғона ҳақиқати» — «Ферганская правда» газеталари бирлашган таҳририятига ҳам бош муҳаррир этиб тайинланган.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист унвони билан тақдирланган. Бир неча китоблари нашр этилган.