Ўзбекистонда 2020/2021-ўқув йили учун ўтказилган тест синовлари натижаларига кўра, республика ОТМлари бакалавриатига жами 140 068 нафар абитуриент талабаликка қабул қилинди, деб хабар бермоқда ДТМ. Бу ўтган йилдаги 102 350 нафарга нисбатан 37 718 тага кўп.

Фото: «Дарё»

Шундан:

  • давлат гранти асосида — 28 173 нафар (жами топширганларнинг 20,1 фоизи) абитуриент (2019 йилдаги 18 130 нафарга нисбатан 10 043 тага кўп);
  • тўлов-контракт асосида — 111 895 нафар (жами топширганларнинг 79,9 фоизи) абитуриент (2019 йилдаги 84 220 нафарга нисбатан 27 675 тага кўп) талабаликка тавсия этилган.

Танлов натижаларига кўра:

  • давлат гранти асосида ўртача ўтиш бали — 133,3 баллни;
  • тўлов-контракт асосида ўртача ўтиш бали — 110,6 баллни ташкил этди.

Республика олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида минимал ўтиш бали 68,0 балл, тўлов-контракт асосида минимал ўтиш бали  56,7 балл этиб белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ОТМларига 2020/2021-ўқув йили учун тасдиқланган қабул квоталарига кўра, бакалавриатнинг кундузги таълим шаклига 103 575 нафар, сиртқи таълим шаклига 31 350 нафар, кечки таълим шаклига эса 5025 нафар талаба қабул қилинади. Шунингдек, ОТМларига кириш учун 2020 йилда 7 тоифадаги 8694 нафар абитуриентга имтиёзли давлат гранти ажратилади. Хотин-қизларнинг ОТМга киришида қўшимча тўрт фоизли давлат гранти асосида квота ажратилади.

2020/2021-ўқув йили учун ОТМларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовларининг натижалари 25 сентябрь куни 15:00 да ДТМнинг расмий веб-сайтида эълон қилинди.