2020 йилнинг ёзида «Бунёдкор»дан «Локомотив» Москва сафига йўл олган Жасур Жалолиддинов тошкентликлар сафига қайтиши мумкин.

Фото: «Локомотив» ФК

Аввалроқ «темир йўлчилар» ўзбекистонлик футболчини легионерларга нисбатан қўйилган лимит сабаб РПЛ қайдномасидан ўчирганди. Футболчи ижарага бериб юборилиши ёки «Бунёдкор»га қайтиши ҳақида тахминлар билдирилганди.

Бу борада «Бунёдкор» бош мураббийи Вадим Абрамов ўз фикрларини билдирди.

Регламентга кўра, хориждаги ўзбекистонлик футболчи қайтса, исталган пайтда рўйхатдан ўтказа оламиз. Жалолиддинов «Локомотив»га кетишидан аввал агар у ерда ўйнай олмаса, бу ерга қайтиб ўйнаши ҳақида гаплашиб олгандик. Уни рўйхатдан ўтказамиз ва ўйин амалиётига эга бўлади.

Вадим Абрамов, «Бунёдкор» бош мураббийи

Жалолиддинов июль ойида «Локомотив» сафига бориб қўшилди ва клуб билан 5 йиллик шартнома имзолади.

Жасур Жалолиддинов — 2002 йил 15 майда Навоийда туғилган. 2018 йил 2 август санасида «Бунёдкор» сафида Суперлига доирасида дебют ўйинини «Қўқон-1912»га қарши ўтказган. У дебют қилган вақтда 16 ёш 80 кунлик эди. Бу орқали у Ўзбекистон чемпионатида майдонга тушган энг ёш футболчига айланганди. 2019 йил октябрида The Guardian талқинига кўра, дунёнинг энг истеъдодли 60 футболчиси рўйхатида қайд этилган. 2019 йил якунларига кўра, Суперлиганинг энг яхши ёш ўйинчиси деб топилган. 2019 йил декабрида Италиянинг «Беневенто» клуби кўригида бўлган.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!