Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 17 сентябрь куни Бўстонлиқ туманида яшаган, коронавирусга чалинган 11 ёшли М.Ў. вафот этгани ҳақида хабар берди. Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизматининг вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига таяниб маълум қилишича, М.Ў.нинг 2012 йилдан бери ногиронлиги бўлиб, «Сурункали гломерулонефрит, нефротик шакли, гематурик синдром. Камқонлик 3-даража. Семизлик 3-даража. Сурункали буйрак етишмовчилиги» ташхиси билан Бўстонлик тумани кўп тармоқли Марказий поликлиникаси умумий амалиёт шифокори томонидан назоратга олинган.

Қайд этишларича, М.Ў. туман кўп тармоқли Марказий поликлиникасида доимий назоратда бўлган ва ногиронлик нафақасини олган. Шунингдек, Тошкент тиббиёт академиясининг болалар нефрологияси бўлимида юқорида кўрсатиб ўтилган ташхис билан йилига икки мартадан ётиб, даволаниб келган. Хусусан, сўнгги бор 2020 йил 11 июлдан 20 июлгача «Сурункали гломерулонефрит аралаш тури, буйрак етишмовчилиги, буйрак функциясининг бузилиши, анемия оғир формаси» ташхиси билан Чирчиқдаги Тошкент вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази нефрология бўлимида даволанган.

Бемор М.Ў. 5 сентябрь куни соат 9:00 да Бўстонлиқ тумани Тиббиёт бирлашмаси қабул бўлимига бурундан қон кетиши, тана ҳароратининг 37,5—38,0 даражага кўтарилган ҳолда олиб келинган. Реаниматолог, инфекционист, педиатр мутахассислари биргаликда консилиум ўтказилиб, болани Чирчиқдаги коронавирус госпиталига юбориш ҳақида қарор қабул қилинган.

М.Ў. шу куннинг ўзида Чирчиқ шаҳар коронавирус госпиталига оғир аҳволда олиб борилган, «Сурункали гломерулонефрит, нефротик шакли, гематурик синдром. Камқонлик 3-даража, семизлик 3-даража. Сурункали буйрак етишмовчилиги, қон ивишининг бузилиши. COVID-19. Шифохонадан ташқари икки томонлама пневмония, нафас етишмовчилиги» ташхиси билан соат 11:30 да реанимация бўлимига ётқизилган. Кўрилган реанимацион даво чораларига қарамай, болада 5 сентябрь куни соат 19:50 да биологик ўлим ҳолати юз берган.

Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасидан маълум қилишларича, боланинг ўлим ташхиси қуйидагича: «Сурункали гломерулонефрит. Нефротик тури. Семизлик 3-даража. Анемия 3-даража. Сурункали гломерулонефрит, буйрак етншмовчилиги терминал босқичи. Касалхонадан ташқари икки томонлама пневмония, ўткир кечиши». Бола ўткир нафас, юрак қон-томир етишмовчилиги 3-даражаси асоратидан вафот этган.

Қўшимча қилинишича, Вилоят СЭОМ вирусология лабароториясида М.Ў.дан короновирус инфекциясига ПЗР усулида олинган ва 97253-сонли намуна натижасига кўра, унда COVID-19 ташхиси тасдиқланган.