АОКА ҳузуридаги штабда 17 сентябрь куни Халқ таълими вазирлиги иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Унда вазирлик ахборот хизмати раҳбари Лайло Рустамова коронавирус билан касалланган ўқитувчиларни дори-дармон билан таъминлаш бўйича маълумот бериб ўтди.

Фото: «Дарё»

«2020 йилнинг 13 сентябрида Ўзбекистон Республикасига коронавирус кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг баёнига асосан умумтаълим муассасаларини коронавирус пандемиясининг салбий оқибатлари, ўқитувчи ва ходимларнинг коронавирус инфекцияси билан касалланишининг олдини олиш, профилактика ва даволаш мақсадида уларнинг гидроксихлорохин ва цинк препарати билан бепул таъминланиши кўзда тутилган.

Ушбу топшириқ юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қўшма қарори имзоланган. Юқорида номлари келтирилган дори-дармонларни Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан манзилли етказиш ишлари бошланган», – деди Рустамова.

Эслатиб ўтамиз, ЖССТ гидроксихлорохинни коронавирусни даволашда самарасиз эканини маълум қилган эди. АҚШ бош инфекционисти ҳам ушбу препаратнинг коронавирусга қарши самараси бирор мукаммал тадқиқотда исботланмаганини таъкидлаб ўтганди.

Бироқ ССВ вакили Ҳабибулло Оқиловнинг фикрича, Ўзбекистон ўз тажрибасига асосан, «Плаквенил» (гидроксихлорохин)дан фойдаланмоқда ва бу самара беряпти.

«ЖССТ топшириқ берадиган ташкилот эмас, у фақат тавсия берувчи ташкилот. Унинг тавсияларини қабул қилиш-қилмаслик ҳар бир давлатнинг ўзига боғлиқ. Ўзбекистон март ойидан бери шу кунгача коронавирус билан курашиб, бу борада ўз тажрибасига эга бўлди. Шунинг учун биз бошқаларнинг тажрибасига қарамасак ҳам бўлади», – деган эди Ҳабибулло Оқилов.

Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Лазиз Тўйчиев эса гидроксихлорохин препарати Ўзбекистонга чет эл давлатлардан гуманитар ёрдам сифатида келаётганини таъкидлаб ўтган.