Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси 2019 йилда уй хўжаликларининг истеъмол харажатлари тўғрисидаги маълумотлар билан бўлишди.

Фото: «Халқ Сўзи Online»

Унга кўра, 2019 йилда ноозиқ-овқат маҳсулотларига қилинган харажатлар улуши 33,1 фоизни, озиқ-овқат маҳсулотлари 45,9 фоизни, турли хизматларга харажатлар эса 21 фоизни ташкил этган.

Уй хўжаликлари танлама кузатувлари маълумотларига асосан 2019 йилда ўртача ҳар 100 та уй хўжалигига 47 та енгил автомобиль тўғри келган. 2017 ва 2018 йилларда ушбу кўрсаткич 44 тага тенг бўлган

Шунингдек, 100 та уй хўжалигига тўғри келадиган телевизорлар сони 160 та, компьютерлар сони эса 55 тани ташкил этган.

Бундан ташқари, кузатувлар натижасига кўра, 100 та уй хўжалигидаги аҳолига 282 та телефон аппарати тўғри келгани маълум бўлди.

Аввалроқ UzAuto Motors етти ойда ўтган йилга нисбатан 22 минг дона кўп автомобиль чиқаргани тўғрисида хабар берилганди.