Намангандаги Султон Увайс Қароний зиёратгоҳида ҳажми жиҳатдан Ўзбекистон мусулмонлари идорасидаги Қуръони Усмонийдан кейин иккинчи ўринда турадиган Мусҳафнинг қўлёзма нусхаси сақланмоқда. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.

Фото: «Дарё»

Мазкур қўлёзманинг бўйи 74, эни 51, қалинлиги 12 сантиметрни, оғирлиги эса 21,5 килограммни ташкил этади. Жами 428 саҳифадан иборат, Қуръондаги барча суралар тўлиқ ёзилган.

Унинг Наманганга олиб келиниши билан боғлиқ ғаройиб тафсилотлар бор. Бу ҳақда унинг иштирокчилари «Дарё» мухбирига ҳикоя қилиб берди.

Эшонхон домланинг хазинаси

Фото: «Дарё»

Ҳошимжон Дўлмонов, Наманган вилоятини ободонлаштириш ва фаровонлигини ошириш жамоат фонди раиси:

—1994 йили Ёшлар иттифоқи Марказий қўмитаси раиси Алишер Тешабоев ташаббуси билан «Амир Темур юрган йўллар бўйлаб» халқаро илмий экспедицияси ташкил этилди. Мен у пайтда Марказий қўмита мафкура бўлими мудири бўлиб ишлардим. Экспедицияга Фахриддин Ашрафхўжаев ва мен раҳбарлик қиладиган бўлдик. Турғун Файзиев, Ориф Усмон, Ашраф Аҳмедов, Малик Муродов, Насимхон Раҳмонов, Қозоқбой Маҳмудов, Усмон Қорабоев, Нодира Рашидова ва бошқа олимлар билан Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондаги, ўзимизнинг Фарғона водийсидаги Амир Темур билан боғлиқ макон ва масканларини ўргандик.

1995 йил апрелида йўлимиз Қирғизистоннинг Ўзган шаҳрига тушди. Экспедия аъзолари бу ердаги тарихий обидалардан бирини ўрганаётган чоғда шу ерга яқин манзилда истиқомат қиладиган уламо Эшонхон Оқиловни йўқлаб, уйларига ўтдим. У киши бизнинг эски қадрдон, синфдошим Сайдуллохон Қодировнинг тоғалари эди. Мактабда ўқиб юрган пайтларимиз таътил пайтлари дўстим билан уйларида кўп меҳмон бўлгандик. Охирги маротаба 1980 йилда, Тошкентга ўқишга жўнашимдан олдин кўришиб, дуоларини олгандим.

Хуллас, орадан 15 йил ўтиб, у киши билан яна кўришдик. Суҳбат чоғида ўзлари катта уламо бўлган Эшонхон ака тарихий обидалар ва қўлёзмаларни тадқиқ қилиб юрганимизни эшитиб, уйларида ҳажми ниҳоятда катта Қуръони карим сақланиши, бу китоб асли Ўзбекистондан олиб келингани айтиб қолди. Мусҳафни кўздан кечириб, бебаҳо хазина қаршисида турганимдан бироз шошиб қолдим. Дарров экспедиция раҳбарларидан бири Фахриддин Ашрафхўжаевни чақирдим. У киши ҳам қўлёзмани кўриб, Эшонхон ака билан узоқ суҳбатлашди. Домланинг бу китобни асл юртига қайтариш ниятлари бор эканлигидан хурсанд бўлдик. Бунинг учун бафуржа келиш ҳақидаги ваъдалар билан хайрлашдик.

Фото: «Дарё»

Наманганга қайтгандан сўнг экспедиция сафари якунлари ҳақида вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган йиғилишда муфассал ахборот бердик. Ўзганда сақланаётган Қуръони карим ҳақида вилоятнинг ўша пайтдаги раҳбари Бургутали Рапиғалиев ҳам хабардор бўлди ва бунга астойдил қизиқиш билдирди. Йиғилишда иштирок этган вилоят кинолаштириш бошқармаси бошлиғи Камолхон Муҳиддинов эса Мусҳафни олиб келишга бош-қош бўлди.

«Машинамиздан нур таралиб тургандек туюларди»

Фото: «Дарё»

Камолхон Муҳиддинов, меҳнат фахрийси:

—1995 йили вилоят кинолаштириш бошқармаси раҳбари эдим. Ўшанда вилоят ҳокимлигида «Амир Темур юрган йўллар бўйлаб» халқаро илмий экспедицияси аъзолари иштирокида ўтган йиғилишда Ўзганда сақланаётган ноёб китоб ҳақида эшитиб, ичимга ўт тушди. Бургутали акага китобни ўзим бориб олиб келишимни айтдим.

Шундан кейин кўп ўтмай ҳаж зиёрати насиб этди. Муқаддас манзилларда ҳам Қуръони каримни Наманганга олиб келиш насиб этишини астойдил сўрадим. Зиёратдан қайтгач куз ойларига яқин Ўзганга отландик. Мен, фолклоршунос олим Малик Муродов ва ҳамкасбим Одилжон Мўминов. Кетаётган анча-мунча қийинчиликларга дуч келдик, йўлларда кўп тўхтатишди.

Эшонхон домлани топдик. У киши биз билан обдон мулоқот қилди, хусусан, мени уруғ-авлодимни суриштирди. Кейин кўзларида ёш билан «бу табаррук китоб асли менга омонат, Намангандан олиб келганман. Буни асл юртига қайтиш фурсати етибди. Фақат Мусҳафни кўз қорачиғидек асранглар, уни ажиб бир илоҳий файзи бор», деди. Бу ҳақда қайта-қайта ишонтириб, ўзларини Наманганга таклиф қилиб, китобни қўлга киритдик. Бунга ҳозиргача ўзим ҳам ишонмайман.

Китобнинг кароматини қайтишдаёқ сездик. Боришдаги машаққатлардан асар ҳам қолмади, ҳеч ким тўхтатмади ҳам, бунга ҳаракат қилганлари ҳам ортига қайтиб кетаверди. Машинамиздан ҳам худди нур таралиб тургандек туюларди.

Қайтгандан сўнг китобни вилоят ҳокими Бургутали Рапиғалиевга кўрсатдим, у киши жуда мамнун бўлди. «Шунча йил сақлаган одамни ҳам рози қилишимиз керак» деди. Уйда бир муддат тургач, «Олтин мерос» жамғармасига топширдик. Топшириш маросимига Эшонхон домлани ҳам таклиф қилдик. У киши ўзлари китобни бунинг учун ажратилган махсус жойга қўйиб берди. У зотга вилоят аҳлидан миннатдорлик рамзи сифатида янги ВАЗ 2106 машинаси калити топширилганини эслайман.

Шу муқаддас хазина Ўзбекистонга қайтарилишига озгина бўлса ҳам ҳисса қўшганимдан, бу табаррук китоб ҳозирда Султон Увайс Қароний зиёратгоҳи музейидаги асосий экспонатлардан бирига айланганидан хурсандман.

«Бу китобнинг эгаси сиз бўлсангиз керак»

Фото: «Дарё»

Сайдуллохон Қодиров, «Мингбулоқ тумангаз» бўлими муҳандиси:

— Эшонхон Оқилов тоғам бўлади. 1929 йилда Ўзганда туғилган, Мир Араб мадрасасида таҳсил олган. Диний идораларда турли вазифаларда ишлаган. Тўйтепадаги масжидлардан бирида имом-хатиб бўлиб ишлаб юрган пайтлари Чустнинг Олмос қишлоғидан бўлган, деҳқончилик билан шуғулланадиган бир намозхон у кишига астойдил ихлос қўяди. Шу одам «менда бир қадимий китоб бор, бу китобнинг эгаси Сиз бўлсангиз керак» дейди ва Қуръони каримни топширади. Тоғам эса кейинчалик диний китобларга хуруж кучайган пайти Мусҳафни Ўзганга олиб кетади.

У киши ниҳоятда тақводор, авлиёсифат киши эди. «Менинг жойим Маккада, ўша ёқда қолишим керак» деган гапни кўп такрорларди. Ниятига етди: 2002 йили, учинчи бор ҳаж зиёратига борганда Маккада оламдан ўтди ва ўша ердаги мозорлардан бирига қўйилди.

Фото: «Дарё»

Бу ноёб китоб неча йиллик тарихга эга эканлиги ҳақида турли тахминлар бор. 800 йил, 500 йил деган далиллар келтирилади. Ҳазрати Мавлоно Хожа Лутфуллоҳ Чустий хонақоҳига тегишли эканлиги ва 1874 йилда кўчириб тугатилгани ҳам қайд этилган.

Қўлёзма 2017 йилгача «Олтин мерос» жамғармасида сақланди ва ўша йили Намангандаги «Ҳидоя» ўрта махсус ислом билим юрти кутубхонасига топширилди. Ҳозирда эса Чортоқдаги Султон Увайс Қароний зиёратгоҳи музейида сақланмоқда.

Унинг саҳифаларидан бирига эски ўзбек ёзувида «Мен Оқилхўжа Саид Бурҳон Қилич ўғли, 1995 йил 6 сентябрь куни Наманган шаҳрида абадий сақлаш учун Камолхон акага ва Бургутали ҳоким жанобларига топширдим, деб Эшонхон Ўзгандий», дея имзо қўйилган.

Фото: «Дарё»