Сентябрь ойининг иккинчи ҳафтаси ҳам ниҳоясига етди. Жаҳон сиёсий майдонида эса ҳамон коронавирус, беларуслар ва Навальний муҳим воқеа сифатида қолмоқда. Қуйида шу ҳақда.

Коронаинфо

Ўтган ҳафтада Ўзбекистонда бўлгани сингари бутун дунёда ҳам матбуотнинг асосий мавзуси коронавирус билан боғлиқ ҳолатларнинг ошаётгани бўлди десак, янглишмаган бўламиз. Касаллик ҳолатлари Европа мамлакатларига қайтадан кўпаймоқда. Жумладан, Францияда кунлик касалланиш ҳолатлари 10 минг нафардан юқорини ташкил қилди. Карантин чораларини биринчилардан бўлиб апрель ойидаёқ юмшатган Австрия яна чекловлар жорий қилишни бошлади.

Фото: «РИА Новости»

Унга кўра, ниқоб тақиш мажбурий бўлган жамоат жойлари сони кўпайтирилмоқда.  Эндиликда ҳимоя ниқобларини фақат жамоат транспорти ва биринчи эҳтиёж товарлари дўконида эмас, балки барча дўконлар, шунингдек, мактабларда (лекин синф хоналарида эмас) тақиш талаб этилади.  14 сентябрь кунидан бошлаб кафе ва ресторанларда официантлар ҳам ниқоб тақишлари шарт. Бундан ташқари,  тадбирлар, шу жумладан, ёпиқ хонада 50 кишидан ортиқ, очиқ жойларда эса 100 кишидан ортиқ одамлар иштирокида шахсий маросимлар ўтказиш тақиқланади.

Меҳмонлар учун ажратилган жойлар бўлган оммавий тадбирларни эса ёпиқ жойларда 1,5 минг кишигача, очиқ ҳавода уч минг кишигача ўтказиш мумкин. Ушбу чора жорий этилгунча ёпиқ жойда беш минг кишигача, очиқ жойда эса 10 минг кишигача тадбирлар ўтказишга рухсат берилганди. Агар касаллик ҳолатлари кўпайса, чекловлар яна кўпайтирилади.

Чекловлар, шунингдек, Украина пойтахти Киевда ҳам жорий этилмоқда. «Афсуски, янгиликлар таскин бермайдиган. Киев эпидемиологик хавфнинг ‘сариқ’ зонасига кирди. Буни фавқулодда вазиятлар бўйича ҳукумат комиссияси белгилади», дейди шаҳар мери Виталий Кличко. Шу муносабат билан 220 дан ортиқ одам иштирок этадиган оммавий тадбирлар тақиқланди; касалхоналарда режали даволаниш тўхтатилди (ҳомиладор, янги туғилган, саратон билан касалланган, ҳаёт учун хавфли касалликка чалинганлардан ташқари); Киевдаги олий таълим муассасалари ва коллежларда дарсларни 20 кишидан ошмаган гуруҳлар учун ўтказишга рухсат берилади.

Шунингдек, шаҳарда меҳмонхоналардан бошқа жойлаштириш бўйича хизмат кўрсатувчи барча ташкилотлар, ҳар бир ташриф буюрувчини камида 10 метр квадрат метр жой билан таъминлай олмайдиган фитнес-марказлар ёпилади, санатория ва соғломлаштириш лагерлари болаларни қабул қилишни тўхтатади, жамоат транспортлари учун йўловчиларни ташиш сиғими 50 фоиз этиб белгиланади.

Бундан ташқари, Кличко полицияга ҳам мурожаат қилиб, ўзини ўзи якаллаган ҳолда даволанаётган касалларнинг бир жойдан бошқа жойга кўчишини ва уларнинг жамоат жойларига бормаслигини диққат билан кузатишни сўраган. Грузия бош вазири Георгий Гахария эса мамлакатда вируснинг иккинчи тўлқини бошланганини эълон қилди. «Кутилганидек, иккинчи тўлқин бошланди. Биз жараён кузда бошланишини тахмин қилгандик ва шундай бўлди. Асосийси, ваҳима қилишга асос йўқ, чунки биз вазиятни тўлиқ назорат қиламиз», деди бош вазир.

Фото: «РИА Новости»

Грузияда 10 сентябрь куни 57 кишида коронавирус аниқланиб, кунлик рекорд янгиланди. Кавказдан узоқлашмаймиз. Арманистонда ҳам коронавирус сабабли каранатин узайтирилди ва у 2021 йилнинг 11 январигача давом этади. Мамлакат ҳукумати томонидан маълум қилинишича, карантин Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан эълон қилинган коронавирус пандемияси, бутун дунёдаги қалтис вазият, касалликнинг Арманистонда кенг миқёсда тарқалгани, ЖССТнинг иккинчи тўлқин ҳақидаги огоҳлантириши, аҳолини ҳимоя қилиш зарурати сабабли жорий қилинмоқда.

Ҳукумат қарорига кўра, Арманистон фуқароси бўлмаган шахсларнинг мамлакат ҳудудида қуруқлик орқали кириши тақиқланади. Дипломатлар, вафот этганларнинг яқин қариндошлари, халқаро юк ташиш билан шуғулланувчилар бундан мустасно. Мамлакатга кириб келадиган барча шахслар тиббий кўрикдан ўтиши шарт.

Жамоат ва оммавий тадбирларни 60 кишидан кўп бўлмаган иштирокчи билан ўтказишга рухсат берилади. Савдо ташкилотлари, ўқув муассасаларининг фаолияти назорат органи томонидан эпидемияга қарши чоралар асосида тартибга солинади. Оммавий йиғилишлар ва митингларни ўтказишга шахсий ҳимоя ва иштирокчилар ўртасида 1,5 метр ижтимоий масофани сақлаш шарти билан рухсат берилади. Арманистоннинг барча фуқаролари ўзи билан шахсни тасдиқловчи ҳужжат олиб юриши керак.

Арманистонда 11 сентябрь куни 16 мартдан буён эълон қилинган ва беш марта узайтирилган фавқулодда ҳолат режими якунига етди. Мамлакат парламенти 4 сентябрь куни навбатдан ташқари йиғилишида карантин режимини эълон қилиш эҳтимолини назарда тутувчи қонунларга ўзгартиришлар киритди. Арманистон бош вазири Никол Пашинян 10 сентябрь куни мамлакатда пандемия билан боғлиқ вазият босқичма-босқич барқарорлашаётгани, бироқ умумтаълим мактаблари очилиши муносабати билан вазиятнинг ёмонлашиш хавфи сақланиб қолаётганини маълум қилган.

Туркия ҳукумати ҳам 8 сентябрь куни мамлакатда коронавирус тарқалишига қарши профилактика чоралари кучайтирилганини эълон қилди. Бутун мамлакат бўйлаб жамоат жойларида ниқобда юриш мажбурий қилиб қўйилди. Кафе, ресторан ва меҳмонхоналардаги тунги концертлар тақиқланди, жамоат транспортларида турган ҳолда кетишга фақат ижтимоий масофаланишга риоя қилинган ҳолда рухсат берилди. Қоидабузарлар маъмурий жавобгарликка тортилади.

Фото: Делфи

Янги чеклов чоралари эълон қилинган кунда Туркияда яна 1 761 кишида коронавирус аниқланган — бу май ойи бошларидан бери мамлакатда қайд этилган энг юқори кўрсаткич. Бундан ташқари, Туркия соғлиқни сақлаш вазири Фахриддин Кўжанинг маълум қилишича, мамлакатда коронавируснинг оғир шакли билан касалланган беморлар сони ортмоқда. «Мазкур вазиятни биргаликда санитария қоидаларига риоя қилган ҳолда тўхтатиш мумкин», деб ёзади амалдор ўзининг Twitter’даги саҳифасига. Шунингдек, мамлакатда жамоат транспортида тик турган ҳолда ҳаракатланиш ҳам тақиқланган.

Буюк Британия ҳукумати ҳам коронавирус билан касалланиш ҳолатлари ортгани сабаб олти кишидан ортиқ инсонларнинг гуруҳ бўлиб тўпланишини чеклаб қўйди. Бу бино ичида, жумладан, шахсий уй ва очиқ ҳаво шароитига ҳам тааллуқли. Тақиқ 14 сентябрдан кучга киради, деб хабар беради BBC. Мазкур чекловни бузганлар 100 фунт стерлингдан 3,2 минг фунтга қадар жаримага тортилади.

Янги қоида коронавирус тарқалишининг зарурий барча чоралари кўрилган мактаблар, иш жойлари, шунингдек, тўйлар, дафн маросимлари ва спорт тадбирларига тааллуқли эмас. Шунингдек, тақиқ учрашувлар, бирга истиқомат қилувчилар ёки бир оила аъзоларига нисбатан қўлланилмайди.

Яхши хабарлар ҳам бор. Бу коронавирусга қарши вакцина билан боғлиқ. Жумладан, ўтган ҳафтада Хитойнинг иккита фармацевтика компанияси биринчи марта коронавирусга қарши яратилган вакциналарни намойиш этди. Вакциналар Sinovac Биотеч ва Sinopharm компаниялари томонидан яратилган. Вакциналарнинг намуналари Пекиндаги кўргазмада намойиш этилган. Айни пайтда вакциналар клиник синовларнинг учинчи босқичидан ўтмоқда. Ишлаб чиқарувчилар 2020 йилнинг охиригача улардан фойдаланиш учун рухсат олишга умид қилмоқда.

Фото: «Pharmexperience.ru»

Май ойида Хитой раиси Си Цзиньпин унинг мамлакатида яратилган вакциналар синовлардан муваффақиятли ўтган тақдирда жаҳон ҳамжамиятининг бойлигига айланишини ваъда қилган. Яна бир янгилик ҳам Хитой билан боғлиқ. Хитойда COVID-19 коронавирус инфекциясига қарши бурун учун спрей кўринишида ишлаб чиқилган вакцинанинг клиник синовларини ўтказишга рухсат берилди.  Қайд этилишича, вакцина Гонконг университети лабораторияси, Сямен университети ва Beijing Wantai Biological Pharmacy компанияси ҳамкорлигида ишлаб чиқилган.

Агентлик ахборотига кўра, бу COVID-19 коронавирус инфекциясига қарши бурун учун спрей кўринишидаги биринчи вакцина. Дорининг одамлар иштирокида синовдан ўтказилишига Озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори воситалари назорати бўйича давлат бошқармаси рухсат берган. Аввал China National Биотеч Group компанияси Хитойда ишлаб чиқилган COVID-19 коронавирус инфекциясига қарши олтита вакцина клиник синовлар босқичида эканини маълум қилганди.

Россия пойтахти Москва шаҳрида эса дастлабки кўнгиллилар COVID-19 касаллигига қарши вакцинани қабул қилди. Энди касаллик билан боғлиқ энг сўнгги рақамларга ўтсак. Бугунга келиб касаллик тарқалишини онлайн назорат қилиб борувчи covidvisualizer.com сайти маълумотларига кўра, бутун дунёда касалликни юқтириб олганларнинг умумий сони 29 миллионда ошган. Шундан, 21 миллионга яқини тузалиб кетган бўлса, 900 мингдан ортиқ бемор касаллик туфайли вафот этган.

Касалликнинг ўлим даражаси уч фоизни ташкил қилади. Давлатлар кесимида ҳамон АҚШ етакчилик қилмоқда. Мамлакатда 6,7 миллионга яқин одам касаллик юқтириб олган. Ундан кейинги ўринларда Ҳиндистон (4,8 миллиондан ортиқ) ва Бразилия (4,3 миллиондан ортиқ) давлатлари бормоқда. Дарвоқе, Бразилия президенти аис Болсонару мамлакат коронавирусни деярли енгганини маълум қилди.

«Қаҳрамонлар марши»

Беларусда 9 августда бўлиб ўтган президентлик сайловлари натижаларидан норози бўлган халқ ўша кундан буён мамлакат бўйлаб норозилик намойишлари ўтказмоқда. Август ойи давомида ҳар куни ташкил этилган намойишлар ортидан сўнгги ҳафталарда фақатгина якшанба кунлари йирик намойишлар бўлиб ўтмоқда.

Фото: «TUT.by»

Ўтган ҳафта охирида, 12–13 сентябрь кунлари йирик маршлар бўлиб ўтди. 12 сентябрь куни бўлиб ўтган марш «Аёллар марши» деб номланган бўлса, 13 сентябрь куни бўлиб ўтган марш «Қаҳрамонлар марши» деб номланди. Бутун мамлакат бўйлаб намойишларда бир неча ўн минглаб аҳоли қатнашди. Намойишчилар ҳар бир шаҳарнинг марказий майдонлари ва кўчаларида юришларни амалга оширди.

Энг йирик намойишлар ҳар доимгидек пойтахт Минскда бўлиб ўтди.

Шунингдек, Гродно, Брест каби йирик шаҳарларда ҳам намойишлар бўлиб ўтди.

Минскда бугун 400 нафарга яқин намойишчи ҳибсга олинган. Бу ҳақда мамлакат ИИВ матбуот котиби Олга Чемоданова ўзининг Telegram’даги саҳифасида маълум қилган.

Беларусда намойишлар давом этмоқда.

Яна Навальний можароси

Ўтган ҳафтада Россия президенти Владимир Путиннинг мухолифати Алексей Навальнийнинг заҳарланиши билан боғлиқ янги тафсилотлар маълум бўлди. Жумладан, Германиянинг Die Zeit нашри исмини ошкор этмаган манбаларига таяниб хабар беришича, россиялик сиёсатчи Алексей Навальнийга «Новичок» заҳарининг янги тури билан суиқасд уюштирилган. Мазкур модда аввалгиларига нисбатан хавфлироқ.

Навальнийни заҳарлаган кишилар уни самолётда ўлдиришни мақсад қилган. Сиёсатчи омадли тасодифлар занжири сабаб омон қолди — учувчининг тезкор ҳаракати ва самолётни қўндириши, шифокорларнинг беморга жуда тез атропин дорисини юборгани шулар жумласидан. Die Zeit’нинг ёзишича бундай ўта янги заҳар иштирокидаги операцияни фақат Россия махсус хизматидагилар амалга ошириши мумкин. Оддий жиноятчилар бундай мураккаб ишни қила олмайди, шунингдек, хориж давлатларининг разведка хизматлари ҳам Россия ҳудудида мураккаб воқеани саҳналаштириши мантиққа тўғри келмайди, сабаби Навальний доимий равишда кузатувда бўлади.

«Бу ҳақиқатга яқинроқ шундай хулоса чиқаришга асос бўлади: айнан Кремль Навальнийни йўлдан четлатиш ҳақида буйруқ берган», дейилади Die Zeit маълумотида. Россия ҳукуматининг расмий вакиллари Навальнийдан Омскда олинган таҳлиллар, унинг организмида заҳар бўлмаганини кўрсатган. Meduza ўтказган суриштирувга кўра, Омскда Навальнийнинг заҳарлангани юзасидан дастлабки ташхис қўйилган ва шу сабабли ҳам унга тез ёрдам машинасида шифохонага олиб кетилаётган вақтида атропин дориси юборилган.

Бунинг ортидан Германия россиялик сиёсатчи Алексей Навальнийдан олинган лаборатория тадқиқотлари намуналари натижаларини Кимёвий қуролни тақиқлаш ташкилотига (ОПCW) топширди. Германия Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, Берлин ушбу маълумотларни тўғридан-тўғри Россияга бериш ниятида эмас, чунки Россия шундоқ ҳам ОПCW аъзоси ҳисобланади.

Фото: «Ведомости»

Ўз навбатида, Германия Вазирлар Маҳкамаси расмий вакили Мартин Фицнинг таъкидлашича, «ҳозирда керак бўлган маълумот Германияда эмас, балки Россияда мавжуд». Берлиндаги Шарите шифохонасида даволанаётган Алексей Навальний ниҳоят ўзига келди. Мухолифатчининг соғлиғи бу каби вазиятда кутиш мумкин бўлган ҳолатдан яхши. Навальний ҳатто заҳарланишидан олдин содир бўлган воқеаларни ҳам эслай олган.

Шифокорларнинг фикрича, Навальнийнинг руҳий ҳолати деярли тўлиқ тикланган, жисмоний ҳолатини ҳам 90 фоиз тиклашга муваффақ бўлинган. Шифокорларнинг айтишича, Навальний учувчи самолётни зудлик билан Омскка қўндиргани, шунингдек, унга аэропортдаёқ атропин юборилгани сабаб омон қолган.

Ҳозирда Навальнийнинг олдига ташриф буюрувчиларнинг киришига рухсат берилган (бунга қадар унинг олдига фақат шифокорлар ва рафиқаси кириб чиқиши мумкин бўлган). Бироқ сиёсатчи билан учрашиш учун уч босқичли қўриқлаш тизимидан ўтиш керак. «Шарите» госпитали қўриқлаш тизими Навальний барчасини эслай олиши аниқ бўлганидан сўнг янада кучайтирилган.

The Insider маълумотларига кўра, немис махсус хизматлари Навальнийга туғдирилиши мумкин бўлган нафақат жисмоний хавфлардан, балки «Шарите» клиникаси номини булғовчи дезинформация ҳужумига ҳам тайёргарлик кўрмоқда.

Бизда ҳозирча шу. «Дарё»да қолинг ва жаҳонда содир бўлаётган янгиликларни биз билан кузатинг!

Жаҳонгир Остонов тайёрлади.