Ўзбекистонда 2020 йил январь ойидан август ойигача 3 596 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. ИИВ ЙҲХББ маълумотига кўра, ЙТҲлар сони 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 12,6 фоизга ёки 520 тага камайган (ўтган йил январь—август ойларида 4 116 та ЙТҲ содир бўлган).

Фото: ЙҲХББ

2019 йилнинг январь—август ойларида оқибати ўлим билан тугаган 1 196 та ЙТҲ юз берган бўлса, 2020 йилнинг ҳисобот даврида бу кўрсаткич 17,1 фоизга камайиб, 991 тани ташкил қилди. 2020 йилда 1 сентябрга қадар 2 605 та ЙТҲда фуқаролар тан жароҳати олган (ўтган йилга нисбатан 10,8 фоиз, 315 тага кам).

ЙТҲларнинг 1528 таси пиёдалар, 619 таси болалар, 471 таси велосипедчилар, 108 таси мотоциклчилар, 112 таси лицензиясиз таксилар ва 198 таси ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган шахслар билан содир бўлган. 28,4 фоиз ҳолатда авариялар пиёдаларнинг кўчани нотўғри жойидан кесиб ўтиши оқибатида юз берган.

Шунингдек, ЙТҲларнинг 17,1 фоизи белгиланган тезлик режимига риоя қилмаслик, 13,1 фоизи велосипедчиларнинг йўл қатнов қисмида ҳаракатланиши, 9,3 фоизи ҳайдовчи пиёдани сезмагани, 7 фоизи бетон тўсиқлар йўқ жойда қарама-қарши йўналишга чиқиш, 3,2 фоизи ҳайдовчи рулда ухлаб қолиши, 2,5 фоизи эса маст ҳолда рулга ўтириш оқибатида келиб чиққан.

Йўл-транспорт ҳодисаларининг деярли ярми ёки 48,9 фоизи давлат аҳамиятидаги (минтақалараро), 28,2 фоизи маҳаллий ва 22,9 фоизи халқаро аҳамиятга эга бўлган йўлларда юз берган.

Биринчи саккиз ой ичида энг кўп йўл-транспорт ҳодисалари Фарғона вилоятида содир бўлган — тегишли даврда 550 та ЙТҲ қайд этилган (бу 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 6,6 фоизга ёки 39 тага кам). Кучли учликдан Тошкент вилояти (429 та авария; 26,8 фоизга камайган) ва Тошкент шаҳри (396 та; 12,4 фоизга камайган) бормоқда.

Самарқанд ва Наманган вилоятларида ЙТҲлар сони ошган: Самарқанд вилоятида 2020 йил январь—августида ўтган йилга нисбатан 1,6 фоиз кўп — 378 та авария қайд этилган, Наманган вилоятида эса авариялар сони ўтган йилга нисбатан 19,5 фоизга кўпайиб, 374 тага етган.

Энг кам пасайиш Сурхондарё вилоятида кузатилган — вилоятда 2019 йилнинг тегишли даврида 248 та ЙТҲ содир бўлган бўлса, 2020 йил 163 та авария қайд этилган (ўтган йилга нисбатан 34,3 фоизга кам). Қашқадарёда эса 163 та автофалокат рўйхатга олинган — таққослаш учун, ўтган йили 224 та (21,9 фоизга кўп) ЙТҲ содир бўлган эди.

Қўшимча қилишларича, 2020 йилнинг январь—август ойларида рўйхатга олинган жами 3 596 йўл-транспорт ҳодисасининг 76,6 фоизи кундузи, 23,4 фоизи эса тунда қайд этилган.