Исроилнинг Urban Aeronautics компанияси учар автомобилнинг тақдимотини ўтказди, деб ёзади The Jerusalem Post.
Машина ўз корпусидаги иккита компрессор ёрдамида ердан тепага кўтарилишга қодир.
Автомобилнинг парвозини водород ёқилғи элементлари таъминлайди. Ихтирочиларнинг таъкидлашича, водород оддий батареялардан кўра 60 баробар, реактив ёқилғидан эса — уч баробар кўпроқ энергия ажратиш сиғимига эга.
Компания бош директори Рафи Йоэлининг сўзларига кўра, Urban Aeronautics тез орада янги моделни бозорга чиқаришни режалаштирмоқда. Ундан нафақат ҳарбийлар, балки оддий буюртмачилар ҳам фойдаланиши мумкин.
Маълум қилинишича, ҳозирда учар автомобилнинг иккита модели яратилмоқда: City Hawk ва the Falcon XP. Ихтирочиларнинг қайд этишича, водород двигатель ҳаво буғини чиқаргани сабаб атроф-муҳитга зарар етказмайди.
Ҳозирча учар автомобилнинг нархи ва қачон тақдим этилиши номаълум. Компаниядагиларнинг маълум қилишича, оммавий ишлаб чиқариш йўлга қўйилгунига қадар илк моделлар нархи бироз қимматроқ бўлади.
Аввалроқ Япониядаги SkyDrive стартапига тегишли учар автомобиль муваффақиятли синовдан ўтказилгани тўғрисида хабар берилганди.