7 сентябрдан Россияда чет элликлар бошқа чет эл фуқароларини ўзларининг квартираларида рўйхатдан ўтказиши мумкин. Бу борадаги тегишли қонун Россия ҳуқуқий маълумотлар расмий порталида эълон қилинган.
Бунга қадар чет элликлар ўзларининг квартираларида фақат ўзларини рўйхатдан ўтказиш ҳуқуқига эга бўлган. Бунда яқин қариндошларини яшаш жойларида рўйхатдан ўтказишга рухсат берилган юқори малакали мутахассислар учун истиснолар мавжуд бўлган.
Энди Россияда уй-жойи бўлган чет элликлар ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар уни бошқа чет эллик ёки фуқаролиги бўлмаган шахсга яшаш учун тақдим этиши мумкин.
Чет эл фуқароси келиши тўғрисида билдиришномани келган кундан бошлаб етти иш куни ичида топшириши керак. Чет эл фуқароси меҳмонхонада, санаторийда, тиббий муассасада ёки яшаш жойи бўлмаган одамлар учун ижтимоий хизмат кўрсатувчи ташкилотда бўлганида, навбатчилик асосида ишласа ёки махсус муассасада маъмурий жазони ўтаётган бўлса, юқоридаги ҳолатлар амал қилмайди.
Ушбу қоида чет элда яшовчи шахслар ва уларнинг оила аъзоларини Россияга ихтиёрий равишда кўчиришга кўмаклашиш давлат дастурининг иштирокчилари бўлган чет элликларга нисбатан қўлланилмайди. Уларга яшаш жойида 30 кун давомида рўйхатдан ўтмасликка рухсат берилади. Умумий шартлар кейинчалик уларга ҳам тегишли бўлади.
«Россиядаги барча чет элликлар учун шахсий кабинети бўладиган ягона ахборот платформаси яратилади. Ушбу платформа ёрдамида мигрантлар давлат хизматларидан фойдаланиши, расмий органлар билан ўзаро алоқада бўлиши ва мобил илова орқали ахборотларни олиши мумкин бўлади», — деб хабар қилганди мамлакат ИИВ август охирларида.
Россия мигрантлар федерацияси президенти Вадим Коженовнинг таъкидлашича, мигрантлар кўпинча патентларни янгилашни ёки ўз миграция ҳисобини узайтиришни унутишади, шу сабабли улар ўз хоҳишига қарши ноқонуний муҳожирларга айланиб қолади. Унинг фикрига кўра, ўчирилмайдиган билдиришномаларга эга илова ушбу муаммони ҳал қилиши мумкин.
Изоҳ (0)