Яллиғланишга қарши стероид препарат — гидрокортизон COVID-19’нинг оғир шакли билан касалланган беморларда ўлим ҳолатини камайтириши мумкин. «РБК»нинг хабар беришича, Лондон Қироллик коллежи олимлари Intensive Care National Audit&Research Centre тадқиқот маркази мутахассислари билан ҳамкорликда шундай хулосага келган.
Америка тиббиёт ассоциацияси (JАМА) журналида эълон қилинган тадқиқот натижаларида қайд этилишича, улар 2020 йилнинг март ойидан июнигача COVID-19 тасдиқланган ва нафас олиш ёки юрак-қон томирлари ишини бир маромда ушлаб туришга муҳтож бўлган 403 нафар беморни кузатган.
Кузатув давомида гидрокортизонни бир ҳафта давомида қабул қилиш беморларда муваффақиятли соғайиш имкониятини уни қабул қилмаганларга нисбатан 93 фоизга оширгани аниқланган.
Ушбу тадқиқот натижаларига изоҳ берган Буюк Британия Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари буни «ажойиб хушхабар» деб айтган.
Аввалроқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Буюк Британиянинг коронавирусга чалинган оғир беморларни дексаметазондан фойдаланиб даволаш борасидаги тадқиқотини «илмий ютуқ» деб атаганди.
Изоҳ (0)