Шу йилнинг 5 август куни Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри тузилишини қайта кўриб чиқиш таклифи билан чиқди. Эндиликда айрим ҳудудларни Тошкент шаҳрига қўшиш ва, аксинча, айрим ҳудудларни чиқариш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Шаҳар антропологияда ва тарихчиликда анча мураккаб тушунча, кишилик цивилизациясининг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Айниқса пойтахтлар ва йирик савдо ва маданият марказларининг давлатлар ва минтақалар тараққиётидаги ўрни муҳим бўлади. Турли сиёсий тузумлар, тарихий даврлар шаҳар ташқи қиёфасида ҳам акс этади. Шу жиҳатдан Тошкентда мўлжалланаётган ўзгаришларни таҳлил қилиш ва тушуниш муҳим. Буни яхшироқ англаш учун эса Тошкентнинг бугунги қиёфасида яққол изларини сақлаб турган яқин ўтмишга мурожаат қилиш лозим.

«Дарё» ЎзР ФА Тарих институти катта илмий ходими Жамшид Перемкуловнинг Тошкент шаҳри ҳудуди яқин ўтмишдаги – совет даври ва мустақиллик йилларидаги ўзгаришига бағишланган мақоласини тақдим этади.

Фото: Google Photos

Президент Шавкат Мирзиёэв 2020 йил 5 август куни Тошкент шаҳри маъмурий-ҳудудий тузилиши билан боғлиқ масалаларни мутасадди ташкилот раҳбарлари ҳамда соҳа мутахассислари билан муҳокама қилганда совет ҳукумати бошқаруви даврида йўлга қўйилган шаҳар маъмурий-ҳудудий тузилиши билан боғлиқ муаммолар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Жумладан, Тошкент шаҳри таркибида вилоят тасарруфидаги ҳамда, аксинча, вилоят таркибида шаҳар тасарруфидаги ҳудудлар ўрин олгани, бу эса шаҳар аҳолиси учун ноқулайликлар келтириб чиқараётгани эътироф этилди.

Тошкент шаҳри шу номдаги вилоятда жойлашгани туфайли унинг ҳудудий жиҳатдан ўзгариши вилоят ҳудудига таъсир этиб келади. Ўзбекистон Миллий архиви, Тошкент вилояти ҳудудий архив бошқармаси жамғармаларида сақланаётган Тошкент шаҳрига оид манбаларида қайд этилишича, 1929 йилда республика пойтахти Самарқанд шаҳридан Тошкентга кўчирилгач, шаҳар маъмурий жиҳатдан тўрт қисмга бўлиниб, совет мафкурасига мос номларда қайта ташкил этилди.

Тошкентнинг Эски шаҳар қисмида Октябрь (Шайхонтохур даҳаси ўрнида) ва Сталин (Бешёғоч даҳаси ўрнида), янги шаҳар қисмида эса Ленин (ҳозирги Миробод) ҳамда Пролетар туманлари ташкил этилди. 1935 йилга келиб Пролетар тумани Куйбишев номига (ҳозирги Мирзо Улуғбек) ўзгартирилди. Шаҳар марказидан оқиб ўтувчи Бўзсув канали шаҳарни икки қисмга ажратиб турар эди.

Маъмурий жиҳатдан катта ҳудудни ўз ичига қамраб олган шаҳар бошқарувида ноқулайликлар юзага келгач, совет ҳукумати 1936 йилда шаҳар таркибида яна иккита туман ташкил этишга қарор қилди. Натижада Киров (бугунги Юнусобод) ҳамда Фрунзе (бугунги Яккасарой) туманлари шаҳар таркибидан ўрин олди.

Фото: Google Photos

Совет даврида пахта далаларини кенгайтириш мақсадида шаҳарлар атрофидаги хўжаликларни вилоят таркибига олинди. Хусусан, Эски шаҳар атрофидаги Октябрь туманига қарашли еттита, Киров туманига қарашли саккизта, Сталин туманига қарашли учта хўжалик шаҳар таркибидан чиқарилиб, Тошкент вилояти таркибидаги Калинин туманига қарашли тўққизта хўжалик билан қўшиб юборилиб, уларнинг негизида Тошкент вилояти ҳудудида Тошкент тумани ташкил этилди.

Шунингдек, шу йили янги шаҳар атрофидаги Фрунзе, Ленин, Куйбишев туманларига қарашли жами бешта хўжалик, Тошкент вилояти Оржоникидзе туманидаги бешта хўжалик билан бирлаштирилиб, маркази Қўйлиқ бўлган вилоят таркибидаги Қорасув тумани ташкил этилди. Бунинг оқибатида шаҳар аҳолисига асрлар давомида хизмат қилиб келган боғлар бузиб юборилиб, унинг ўрнида пахта далалари вужудга келди.

Иккинчи жаҳон уруши даврида Ўзбекистонга фронт атрофидаги кўплаб саноат корхоналари ва улар билан бирга кадрлар кўчириб келтирилиши туфайли шаҳар атрофидаги ҳудудларни янги кўчиб келган аҳоли ўзлаштирди. Тошкент вилояти таркибидаги Тошкент, Калинин ҳамда Қорасув туманларида янги аҳоли манзилгоҳлари вужудга келди. Бу манзилгоҳдаги аҳолининг асосий қисми янги саноат корхоналари ишчиларини ташкил этгани боис ҳукумат қарори билан 1959 йилда бу туманларнинг шаҳар билан чегарадош ҳудудлари шаҳар таркибидан ўрин олди. Шу тариқа, Калинин, Тошкент, Қорасув, Оржоникидзе туманлари Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри ўртасидаги чегара ҳудудлар этиб белгиланди.

Урушдан кейинги йилларда шаҳар жанубга томон ҳам кенгайиб борди. 1959 йилга оид манбаларда қайд этилишича, Қорасув тумани таркибидаги Ўзгариш хўжалигига қарашли Сергели қишлоғи аҳолисининг ўсиб бориши билан шу номдаги шаҳарчага айлантирилди.

Фото: Google Photos

ХХ асрнинг 60-йилларида совет ҳукумати шаҳарларда кичик ҳажмдаги арзон уй-жой қуриш бўйича ишлаб чиққан дастури Тошкент шаҳрида ҳам амалиётга жорий этилди. Бунинг натижасида шаҳар янги ҳудудлар ҳисобига кенгайди: шимоли-шарқ бўйлаб Тошкент шаҳридан 14 километр узоқликда Фанлар академияси Ядро физикаси институти илмий ходимлари учун 1961 йилда Мирзо Улуғбек номидаги шаҳарча бунёд этилди. Бу ҳудуд географик жиҳатдан Тошкент шаҳрига туташ бўлмаса-да, маъмурий жиҳатдан шаҳар тасарруфидан ўрин олди. Ҳудудда олиб борилган уй-жой қуриш сиёсати 1963 йилда шаҳарда ташкил этилган янги Чилонзор туманида давом этди.

1966 йилда Тошкент шаҳрида содир бўлган зилзила оқибатида шаҳар марказидаги Қашқар маҳалласи ва унга ёндош ҳудудларга катта талафот етди. Талафот кўрган аҳолини тез фурсатда уй-жой билан таъминлаш мақсадида Сергели ҳудудида юзлаб арзон, икки қаватли ёғоч турар-жойлар барпо этилди. Шу тариқа 1967 йилда Тошкент шаҳри таркибида Сергели туманига асос солинди. Тумандаги турар-жойлар вақтинчалик бошпана сифатида қурилган бўлиб, янги кўп қаватли уйлар қурилиши билан аҳолини кўчириш режага киритилган эди. Бироқ совет бошқарувининг кейинги йилларида шаҳарнинг ушбу қисми эътибордан четда қолди.

Тошкент шаҳридаги зилзиладан талафот кўрган ҳудудларни қайтадан тиклаш мақсадида мамлакатнинг турли чеккаларидан қурувчилар жалб этилди ва марказий туманларида бир хил намунадаги кўп қаватли уйлар қуришга киришилди. Янги қурилган уй-жойлар ҳисобига Тошкент шаҳрида янги туманлар юзага келди. Масалан, 1968 йилда шаҳар таркибида Ҳамза тумани (бугунги Яшнобод) вужудга келди.

1969 йилда Тошкент вилоятини пойтахтдан ҳудудий жиҳатдан ажратиш мақсадида шаҳар атрофида автомобиль ҳалқа йўли қурилиши  шаҳарнинг логистика тизимида янги босқич бўлди. Бироқ қурилиш жараёнида вилоят таркибидаги ҳудудлар шаҳарда ва, аксинча, шаҳар ҳудудига қарашли ер майдонлари вилоятда қолиб кетган эди. Бу кейинги йилларда шаҳар ҳудудининг ўзгаришида ноқулайликлар келтириб чиқарди.

Фото: Google Photos

Хонадони зилзила оқибатида талафот кўрган аҳолининг маълум қисми янги қурилган кўп қаватли уйларга кўчиб ўтишдан кўра, давлатдан товон пули олиб, шаҳарнинг ғарбий тарафида маҳаллий анъаналарга мос равишда уй-жой қуришни афзал билди. Бу ҳудудларнинг ўзлаштирилиши билан Тошкент шаҳрида 1970 йилда Собир Раҳимов (бугунги Олмазор), 1977 йилда Акмал Икромов (бугунги Учтепа) туманлари ташкил топди.

Совет ҳокимиятининг сўнгги йилида, яъни 1990 йилда Тошкент вилояти ҳудудидан Тошкент шаҳрига Бектемир тумани бириктирилди. Шу тариқа Тошкент шаҳри таркибида совет ҳукумати бошқаруви даврида 11 та туман вужудга келди.

Мустақиллик даврида Тошкент таркибидаги туман номлари ўзгартирилди. 1992 йилда Октябрь тумани ўзининг қадимий номи – Шайхонтоҳурга, Киров Юнусободга, Куйбишев Мирзо Улуғбекка, Фрунзе Яккасаройга, Ленин Мирободга ўзгартирилди. Бундан ташқари, 2005 йилда Тошкент шаҳридаги Акмал Икромов тумани тарихий Учтепа номини олди; 2010 йилда Собир Раҳимов тумани Олмазор сифатида қайта ташкил этилди; 2014 йилда Ҳамза тумани Яшнобод тарзида қайта тузилди.

Бу даврда ҳам шаҳар ҳудуди Тошкент вилояти ҳисобига ўзгариб борди. Дастлаб, 1994 йилда бу борадаги ҳукумат қарори эълон қилинди. Унга кўра, шаҳар ҳудуди 2 676 гектарга кенгайди. Бу кенгайиш асосан Тошкент вилоятидаги Зангиота тумани ҳисобидан амалга оширилди.

Кейинги босқич Тошкент вилоятини маъмурий жиҳатдан ихчамлаштириш ҳамда бошқарув тизимини соддалаштириш мақсадида 2010 йилда вилоятдаги Тошкент тумани тугатилиб, унинг ҳудуди вилоят таркибидаги Зангиота тумани ихтиёрига ўтиши билан боғлиқ бўлди. Бу жараёнда собиқ Тошкент туманининг Зангиота туманига нисбатан бошқарув учун ноқулай бўлаги Тошкент шаҳрининг Ҳамза туманидан ўрин олди.

Фото: Google Photos

Мустақиллик даврига келиб, Тошкент шаҳрининг пойтахт мақомидан келиб чиққан ҳолда уни йирик мегаполис шаҳар сифатида шакллантириш учун маълум ишлар амалга оширилди. Аввало, эски ва янги шаҳар ўртасидаги сунъий тўсиқ олиб ташланди. Бу борада ички автомобиль қатнов йўллари қуриш жараёни муҳим босқич бўлди. 2015–2016 йилларда икки босқичда қуриб фойдаланишга топширилган Нурафшон кўчаси бу борада муҳим қадам бўлди.

Сўнгги йилларда шаҳар ҳудудини Тошкент вилоятига нисбатан аниқ белгилаш, шаҳар таркибида қолиб кетган вилоят тасарруфидаги маъмурий бирликларни вилоятга ўтказиш ҳамда вилоят таркибидан ўрин олган шаҳарга қарашли ҳудудларни вилоят ихтиёрига ўтказиш долзарб масалага айланди. Бу шаҳар инфратузилмаларини ташкил этишда ҳамда унинг ривожланиш истиқболини белгилашда халақит бериб келаётган муаммолар қаторида эди. Айниқса шаҳар бош режаси тасдиқланиши ҳам шу масалага боғлиқ эди.

Президентнинг 2020 йил 5 август куни соҳа мутахассислари билан учрашувда айни шу масала муҳокама қилингани бежиз эмас. Муҳокамада шаҳар ҳудудини белгилаш бўйича аниқ режалар ишлаб чиқилиб, давлат раҳбарига тақдим этилди. Ушбу лойиҳа бўйича Тошкент шаҳри таркибидаги маъмурий бошқарувга ноқулай ҳудудлар вилоят ихтиёрига ўтказиш таклифи маъқулланди. Шундай ҳудудлар қаторида Мирзо Улуғбек тумани назоратидаги Тошкент вилояти Қибрай тумани ҳудудида жойлашган Улуғбек шаҳарчаси бўлиб, у пойтахтдан 14 километр узоқда жойлашган эди. Шаҳарчани Қибрай тумани маъмурий маркази сифатида қайта ташкил этиш таклифи илгари сурилди.

Бундан ташқари, шаҳарнинг Учтепа тумани таркибидаги Ўрикзор маҳалласи ҳудуди вилоятнинг Зангиота тумани ҳудудидан ўрин олган эди. Бу манзилгоҳни ҳам шаҳар таркибидан вилоят таркибига ўтказиш маъқулланди. Чилонзор туманининг Сергели тумани билан туташ 135 гектар майдони, Сергелидаги саноат зонаси ўрин олган 35 гектарлик ер майдони ҳалқа йўли чегарасида вилоят ҳудудида ўрин олгани боис Тошкент вилояти таркибига қўшиб юбориш таклиф этилди. Шу тариқа, Тошкент шаҳри ҳудудидан аввал ўрин олган 1 010 гектар майдон вилоят тасарруфига ўтказиш таклифи маъқулланди.

Фото: Google Photos

Шунингдек, Тошкент вилояти таркибидаги Зангиота, Ўртачирчиқ, Юқоричирчиқ туманлари ихтиёридаги ҳудудлар Тошкент шаҳри таркибидан ўрин олиб, улар асосида шаҳарда Янги ҳаёт тумани ташкил этиш режага киритилди. Ушбу янги туман таркибига шаҳардаги Сергели ҳамда Бектемир туманларининг бир қисми ажратилиши билан унинг умумий майдони 5 300 гектарни қамраб олиши маълум бўлди.

Ўз навбатида, Тошкент шаҳридаги Бектемир туманига вилоятнинг Юқоричирчиқ, Қуйичирчиқ ва Зангиота туманларидан ер майдонлари ажратиб берилди. Натижада, Бектемир тумани майдони 5 300 гектарга етди. Бундан ташқари, Сергели тумани оралиғида қолиб кетган Хонобод ҳудуди вилоятнинг Зангиота туманидан Сергели туманига ўтадиган бўлди.

Ушбу муҳокамада вилоят таркибидаги Чирчиқ дарёсидан шаҳарга қараган 4 356 гектар ер майдони Яшнобод туманига ўтказиш таклифи қабул қилинди. Шу тариқа, Тошкент вилояти ҳудудидан пойтахт ихтиёрига 10 196 гектар жалб этишга келишиб олинди.

Совет ҳукумати бошқаруви йилларида Тошкент шаҳри коммунистик мафкурага асосланган шаҳарсозлик қонуниятлари доирасида шакллантирилди. Жамият ҳаётида юз берган воқеликлар шаҳарга ўз таъсирини ўтказиб келди. Дейлик, Иккинчи жаҳон уруши туфайли шаҳарда саноат корхоналари ва ишчилар кўпайган бўлса, 1966 йилги зилзиладан кейин шаҳарда кўп қаватли бир типдаги уйлар қурилиши жадаллашганини кузатиш мумкин. Бу уйлар нафақат зилзила туфайли уйсиз қолганлар, балки шу уйларни қуриш учун ёрдамга келган қурувчилар билан ҳам тўлди. Бу шаҳарда аҳоли миграцияси кучайишига олиб келди.

Фото: Google Photos

Маҳаллий аҳолининг катта қисми шаҳар чеккасидаги ерларда уй-жой қуришни афзал билди. Натижада, шаҳар четидаги ҳудудларнинг Тошкент шаҳри билан алоқалари кучайишига, бу эса ҳудудда агломерацион жараёнлар юзага келишига сабаб бўлди. Вақт ўтиши билан агромерация ҳудудлари шаҳар таркибидан ўрин эгаллади. Шунингдек, янги саноат корхоналари ишчилари учун алоҳида мавзелар қурилиши шаҳарнинг кенгайишида яна бир омил бўлиб хизмат қилди.

Шаҳар кенгайиб, аҳолиси ортиб борди. Шу билан бирга, совет даврида мустамлака давридан қолган эски шаҳар муаммоси ечимини топмади, аксинча, шаҳарнинг икки қисмидаги тафовутлар янада кучайди. Бу, айниқса, муҳандислик инфратузилмаси, уй-жой қурилишида яққол намоён бўлди – эски шаҳарга янги шаҳарга нисбатан камроқ эътибор бериб келинди.

Мустақиллик йилларида Тошкент шаҳри маъмурий жиҳатдан янгича кўриниш олди. Айниқса эски ҳамда янги шаҳар муаммоси қисман бартараф этилди. Шунингдек, Тошкент атрофидаги манзилгоҳларга шаҳар аҳолиси миграцияси кучайгани, республикадаги бошқа вилоятлардан пойтахтга аҳоли оқими ўсиб боргани унинг ҳудудий кенгайишида муҳим омил бўлди. Аммо туманлар тақсимотидаги номутаносибликдан ташқари, шаҳар таркибида вилоятга қарашли ер майдонлари ёки, аксинча, вилоят ҳудудида шаҳар таркибидаги манзилгоҳлар ўрин олгани йиллар давомида ечимини кутиб келган муаммолигича қолди.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.