«Барселона» ҳужумчиси Лионель Месси фаолиятини «Манчестер Сити»да давом эттиришга яқин турибди.

Фото: FotMob

Италиялик журналист Николо Скиранинг хабар қилишича, аргентиналик футболчи «шаҳарликлар» билан шахсий шартнома борасида келишувга яқин турибди.

Эндиликда гап фақат клублар ўртасидаги трансфер музокараларида қолмоқда. «Манчестер Сити» молиявий фейр-плей қоидаларини бузмайдиган таклиф тайёрламоқда.

Diario Sport версиясига кўра, «Манчестер Сити» Месси трансфери учун 100 миллион евро ва уч нафар футболчиси: Габриэль Жезус, Бернарду Сильва ва Эрик Гарсияни беришга тайёр. Ўз навбатида Жезус варианти каталон клубига ёқмаяпти, бироқ Бернарду ва Гарсия «Барселона» учун қизиқ кўринмоқда.

Агар «Барселона» келишувга футболчилар аралаштиришга рози бўлмайдиган бўлса, у ҳолда Мессининг трансфери «Манчестер Сити» учун катта пулга айланиб кетади.

«Шаҳарликлар» трансфер учун камида 200 миллион фунт сарфлаши кутилмоқда. Бундан ташқари Мессига таклиф этиладиган уч йиллик шартнома учун 300 миллион фунт кетиши тахмин қилинмоқда. Шу тариқа аргентиналик иқтидорнинг трансфери инглиз клубига ярим миллиард фунтга тушиши мумкин.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!