Коронавирусга қарши курашда кўмаклашиш учун бир гуруҳ туркиялик мутахассислар Ўзбекистонга келмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
Вазирлик хабарига кўра, 27 август куни Туркиядан 16 нафар мутахассисдан иборат тиббий гуруҳ коронавирусга қарши курашда ўзбекистонлик мутахассислар билан ҳамкорликда фаолият кўрсатиш ва тажриба алмашиш учун ташриф буюради.
Туркиялик шифокорлар ташриф давомида ўзбекистонлик шифокорлар билан биргаликда мамлакатнинг қатор ҳудудларидаги ихтисослашган шифохоналар, тиббий марказ ва лабораториялар фаолияти билан яқиндан танишиш, корновирусга чалинган беморларни даволашда фаол иштирок этиши кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонга Германия ва Хитойдан 10 нафардан тажрибали мутахассисдан иборат тиббий гуруҳлар келганди. Улар Ўзбекистондаги ҳудудларда бўлиб, коронавирус эпидемияси билан боғлиқ вазиятни ўрганди.
Ўзбекистонга шу вақтгача коронавирусга қарши курашда ёрдам бериш учун 15 нафар хитойлик шифокор ва тиббиёт мутахассисидан иборат гуруҳ, таркибида анестезиолог, реаниматолог, юқумли касалликлар бўйича мутахассис, эпидемиолог, терапевт ва кардиолог бор 40 нафар россиялик шифокор келган бўлса, март ойининг охиридан бошлаб Ўзбекистонда кореялик профессор — эпидемиолог Сой Чже Ук, яна бир кореялик анестезиолог-реаниматолог, бир қанча туркиялик мутахассислар, Германиянинг етакчи тиббиёт мутахассисларидан бўлмиш профессор Вернер Бер фаолият юритган.
Изоҳ (0)