Коронавирус билан қайта касалланиш эҳтимоли жуда кам. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакили Маргарет Харрис 24 август куни ўтказилган брифингда Гонконгда COVID-19 билан қайта касалланиш ҳолати аниқланганига изоҳ бера туриб маълум қилган.

Фото: Depositphotos

БМТ ахборот хизматининг хабар беришича, Харрис вазиятни бўрттирмасликка чақирди ва бундай ҳолат жуда кам: 23 миллион кишида битта учрашини эслатиб ўтди.

«Катта эҳтимол билан биз қайта касалланиш ҳолати ҳақида яна эшитамиз. Бироқ бу умумий тенденция эмас, акс ҳолда бундай хабарлар кўпроқ бўларди», — деган у.

Шу билан бирга, гонконглик олимлар тадқиқоти аҳамиятли эканлигини қайд этди. Улар келтирган маълумотга кўра, беморда иккинчи марта касаллик қўзғатган COVID-19 штамми биринчисидан фарқ қилади.

Маргарет Харриснинг таъкидлашича, Гонконгдаги ушбу воқеа коронавирусга иммунитет ҳақидаги билимларни ўзгартириши мумкин.

«Ҳозирда кўплаб илмий гуруҳлар тадқиқотлар ўтказиб, касалликдан кейин юзага келадиган табиий иммунитет қанча давом этишини билиш мақсадида тузалиб чиққан кишилардаги антитаналарни тадқиқ қилмоқда. Шунингдек, бундай иммунитет вакцина таъминлайдиган ҳимоядан фарқ қилишини таъкидлаш жоиз», —  деган у.

Эслатиб ўтамиз, 24 август куни Гонконг университети тадқиқотчилари коронавирусни қайта юқтириб олиш бўйича дастлабки ҳолат тасдиқлангани ҳақида маълум қилганди. 33 ёшли эркакда COVID-19’га чалиниб, касалликдан тузалганидан тўрт ярим ой вақт ўтиб яна инфекция юқтириб олиш ҳолати кузатилган. Бемор биринчи марта коронавирус инфекциясига чалинганида унда касалликнинг енгил белгилари кузатилган, ҳозирда ушбу аломатлар ҳам мавжуд эмас.

Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош инфекционисти, Сеченов университети профессори Владимир Чуланов коронавирус билан қайта касалланиш эҳтимоли кам, лекин касалликдан тузалган беморнинг иммунитети паст ёки антитаналар етарли миқдорда бўлмаса, шундай бўлиши эҳтимоли борлигини айтганди.

Эслатиб ўтамиз, апрель ойида ЖССТнинг фавқулодда вазиятлар бўйича ижрочи директори Майкл Райан олимлар COVID-19 юқтирган одамда кейинчалик ушбу касалликнинг қайталаниши эҳтимоли қанчалик эканига жавоб қайтариш учун етарли даражада маълумотга эга эмас, деб айтганди.