Дунёнинг энг бой одами Жефф Безоснинг бойлиги миқдори янги рекорд ўрнатди. У тарихда бойлиги 200 миллиард доллардан ошган биринчи миллиардерга айланди. Бу ҳақда Forbes хабар берди.

Фото: Forbes

Amazon компанияси асосчисининг бойлиги 25 август куни бўлиб ўтган савдолар чоғида қисқа вақтга 200 миллиард доллардан ошди ва янги рекорд ўрнатди.

Бироқ рекорд кўрсаткич узоқ вақт сақланиб турмади. 25 август савдоларининг ёпилиши чоғида унинг бойлиги миқдори 199,7 миллиард долларни ташкил қилган.

Amazon асосчиси компания акцияларининг 11,1 фоизига эгалик қилади. Пандемия бошидан буён компания акциялари 55 фоиздан кўпроққа қимматлаган. Безоснинг бойлиги бир йил ичида деярли 86 миллиард долларга кўпайган.

Миллиардер рафиқаси билан ажрашмаганида, 200 миллиард долларлик маррани аввалроқ забт этиши мумкин эди. 2019 йилнинг июль ойида Безос 25 йиллик турмушдан кейин рафиқаси Маккензи Скотт билан ажрашди ва бу тарихдаги энг қиммат ажрашиш бўлди. Безос Amazon’даги улушининг чорак қисмини, яъни тўрт фоизини рафиқасига берди. Ҳозирги пайтда Скоттнинг бойлиги 63,4 миллиард доллар деб баҳоланади.