«Манчестер Сити» собиқ ҳимоячиси Венсан Компани футболчилик фаолиятини якунлади ва Бельгиянинг «Андерлехт» клуби билан тўрт йиллик шартнома имзолади. Бу ҳақда клуб расмий сайти хабар берди.
«Мен мураббийлик ишимга тўлиқ киришмоқчиман ва бунга 100 фоиз вақтимни ажратмоқчиман. Шу сабабли футболчилик фаолиятимни якунладим. Бизнинг мақсадимиз ва ғалабага ташналигимиз аввалгидек бўлиб қолаверади. Мен камида тўрт мавсум клубда қолишни ва »Андерлехт»нинг замонавий футболда яхши натижалар қайд эта олишини исботламоқчиман», — дейди Компани.
Аввалроқ Компани «Манчестер Сити»да Хосеп Гвардиоланинг ёрдамчиси бўлишдан бош тортгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Маълумот учун, бельгиялик собиқ футболчи «Андерлехт» академияси тарбияланувчиси ҳисобланади. У Бельгия клубида дебютини 17 ёшида ўтказган. 2006 йилда уни «Ҳамбург» ўз сафига қўшиб олади. 2008 йилда эса «Манчестер Сити»га ўтиб, 11 йил давомида инглиз клуби шарафини ҳимоя қилган.
Ушбу қарорга келгунига қадар Компани «Андерлехт»да ўйновчи мураббий сифатида фаолият юритаётганди.
Мавзуга доир:
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)