Россиянинг Соғлиқни сақлашни назорат қилиш федерал хизмати («Росздравнадзор») Клиник тадқиқотлар ташкилотлари ассоциациясининг Гамалей номидаги Эпидемиология ва микробиология марказида ишлаб чиқилган вакцинани рўйхатдан ўтказишни кечиктириш таклифини қўллаб-қувватламади.
«Росздравнадзор» раҳбари ўринбосари Валентина Косенконинг «РБК» билан суҳбатда маълум қилишича, ушбу вакцина билан бир неча юзлаб кўнгиллилар эмланган ва уларда вакцинага нисбатан жиддий ножўя таъсирлар кузатилмаган. «Афтидан, Клиник тадқиқотлар ташкилотлари ассоциацияси ҳеч қандай натижаларни билмай хулоса қилмоқда», — деган Косенко.
«Вакцинани ўрганиш тугамагунча рўйхатдан ўтказиб бўлмайди — ҳеч ким қонунни бузмайди», — дейди «Росздравнадзор» раҳбари ўринбосари. Унинг таъкидлашича, вакцинани синовдан ўтказишнинг учинчи — рўйхатдан ўтказишдан кейинги босқичда бир неча минглаб кўнгиллилар иштирок этади.
«Росздравнадзор»дан бўлган Сергей Глаголев ўз навбатида АҚШ ва Европа Иттифоқида препаратлар клиник синовларнинг дастлабки босқичларида рўйхатдан ўтказилишини айтган.
Эслатиб ўтамиз, Фармацевтика компаниялари ва илмий-тадқиқот ташкилотларини бирлаштирган Клиник тадқиқотлар ташкилотлари ассоциацияси Россия Соғлиқни сақлаш вазирлигини Гамалей номидаги Эпидемиология ва микробиология марказида ишлаб чиқилган вакцинани рўйхатдан ўтказишни кечиктиришга чақирганди.
Ассоциация вакцина яратувчилари унинг синовларини ҳатто юзлаб одамлар иштирокида ҳам якунламагани, бундан ташқари вакцина асосида синовлари ҳали ҳам давом этаётган MERS’га қарши бошқа вакцина борлигини билдирган ва шу сабабли унинг самарадорлиги тўғрисида хулоса беришга ҳали асос йўқ деб топган.
11 август куни мамлакат президенти Владимир Путин ушбу вакцина рўйхатга олинганини ва қизларидан бири эмланганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, биринчи эмланишдан сўнг қизининг тана ҳарорати 38 даражагача кўтарилган, эртаси куни эса 37 даражагача тушган. «Иккинчи муолажадан сўнг тана ҳарорати яна бироз кўтарилиб, кейин тушди. Ўзини яхши ҳис қиляпти», — деган Путин.
Изоҳ (0)