Гонконгнинг Next Digital компанияси акциялари 10 август куни 1100 фоизга қимматлади, нархларнинг ошиши компания раҳбари Жимми Лейнинг Гонконгнинг хавфсизлик ҳақидаги янги қонунига асосан қўлга олинганидан сўнг юз берди. Бу ҳақда «Korrespondent.net» хабар берди.
Маълум қилинишича, акциялар хариди қўлга олинган компания раҳбарини қўллаб-қувватлаш учун онлайн форумлар орқали мухолифат вакиллари томонидан амалга оширилган. Мухолифат Гонконгда фуқаролик ҳуқуқларининг чекланишига қарши чиқмоқда.
Натижада Next Digital компанияси акциялари нархи етти йил ичидаги энг юқори қийматга чиққан, унинг капитализация қиймати эса 335 миллион долларга етган.
Қўлга олинган компания раҳбарини қўллаб-қувватлаш бўйича кейинги ҳаракат сифатида мухолифат Жимми Лейнинг нашриёти томонидан чиқариладиган Apple Daily газетаси тиражини сотиб олишни режалаштирмоқда.
11 август куни газетанинг янги сонидан 550 минг нусха сотиб олиниши режалаштирилган, бунда газетанинг кунлик тиражи сони 70 минг нусхани ташкил қилади.
Медиа-магнат Жимми Лей 10 август куни Гонконг полицияси томонидан қўлга олинган. У хорижий кучлар билан тил бириктирганликда гумонланмоқда.
Изоҳ (0)