Тошкентдаги «Саёҳат» меҳмонхонасида карантинда бўлган сурхондарёлик 31 ёшли эркак тўртинчи қаватдан сакраб ўз жонига қасд қилди. Бу ҳақда «Дарё»га Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Мирзо Улуғбек тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси навбатчилик қисмига 10 август, соат 10:33 да келиб тушган хабарга кўра, Сурхондарё вилояти, Денов туманида яшовчи 31 ёшли К.О. ўз жонига қасд қилиб, «Саёҳат» мехмонхонасининг 4-қаватидан ўзини ташлаб вафот этган.

Дастлабки терговга қадар текширув ишларидан маълум бўлишича, О.К. Россиянинг Қозон шаҳрига ишлаш учун оиласи билан бирга кетган. 4 август куни чартер рейс орқали Тошкентга олиб келинган ва Мирзо Улуғбек тумани Давлат санитария-эпидемиология назорати бошқармаси томонидан карантинга олиниб, «Саёҳат» меҳмонхонасининг 408-хонасига жойлаштирилган.

7 август куни COVID-19 вируси учун тест топширган ва 9 август куни чиққан тест таҳлиллари унда вирус йўқлигини кўрсатган.

Унинг Сурхондарё вилояти Денов туманида истиқомат қилиувчи яқин қариндошлари билан телефон орқали суҳбатлашилганда, улар сўнгги пайтларда О.К.нинг руҳиятида салбий томонга ўзгаришлар сезилганлигини ва ўзини ёмон ҳис қилиб юрганлиги сабабли турмуш ўртоғи ва икки нафар вояга етмаган фарзандлари Россияда қолишига қарамай, у Ўзбекистонга олиб келинганлигини баён қилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилиб, О.К.нинг руҳий касаллика чалинган ёки чалинмаганлигига аниқлик киритиш чоралари кўрилмоқда.

Июнь ойида Ўртасаройдаги карантин марказида фуқаро контейнер ичида ўзини осиб қўйгани хабар берилган эди. Фуқарода коронавирус аниқланмаган. Бироқ у вирусга чалинганлигини айтиб ўзини агрессив тутган.