Денов тумани ҳокимлиги 2020 йилнинг 6 август куни «Kun.uz» сайтида эълон қилинган «Деновда эҳтиёжмандларга пул тарқатилиб, қайтариб олинди. Тушунмовчилик қаердан келиб чиққан?» сарлавҳали материал юзасидан расмий муносабат билдирилди.

Фото: Денов тумани ҳокимлиги

Ҳокимликнинг маълум қилишича, 2020 йилнинг 30 июль куни Денов туманидаги эҳтиёжманд ва ижтимоий ҳимояга муҳтож 2 124 та хонадонга 1 миллиард 725 миллион 604 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам пули тарқатилган. Ушбу хонадонларда 9 678 нафар фуқаро истиқомат қилади. Уларнинг барчаси маҳаллаларда шакллантирилган эҳтиёжманд, ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож оилаларнинг шаффоф рўйхати – «темир дафтар»га киритилган хонадонлар ҳисобланади.

Фото: Денов тумани ҳокимлиги

«Ҳақиқатан ҳам 3-сектор ҳудудидаги ‘Зарафшон’ маҳалласида ‘темир дафтар’га киритилмаган, бироқ маҳалладаги эҳтиёжманд оилалар рўйхатида бўлган 9 та хонадонга ҳам 500 минг сўмдан ёрдам пули тарқатилган. Маҳалла масъуллари ушбу маблағлар ‘темир дафтар’га киритилган фуқароларга тарқатилиши кераклигини билишганидан сўнг, 9 та хонадонга тарқатилган моддий ёрдам пули қайтариб олиниб, эҳтиёжманд хонадонларга етказиб берилган.

Ўрганиш натижасига кўра, ушбу 9 та хонадон ижтимоий ҳимояга муҳтож эканлиги инобатга олиниб, туман ‘Саховат ва кўмак’ умумхалқ ҳаракати доирасидаги маблағлар ҳисобидан ҳар бир оилага 500 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам пули берилди», – дейилади ҳокимлик хабарида.

Аввалроқ Сергелида муҳтожларга пул тарқатилиши масаласи кўтарилгани ва масъуллар аҳоли билан учрашгани ҳақида хабар берилган эди.