Коронавирусга қарши яратилаётган амалда вакциналар омадсизлик билан якун топиши мумкин. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Гебрейесус маълум қилди.
«Фойда берадиган вакцинани ярата олмаслигимиз ёки у фақатгина бир неча ой ҳимояни таъминлаб бера оладиган дори воситасига айланиш хавфи бор. Бироқ клиник синовларни якунламас эканмиз, буни била олмаймиз», — дейди Гебрейесус.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирда вакциналарнинг бир неча варианти клиник синовларнинг учинчи фазасидан ўтмоқда. Бунда дори воситаси катта гуруҳдаги инсонларда синалади ва тадқиқотчилар жараён муваффақиятли якунланишидан умидвор. «Айни вақтда коронавирусни ўлдира оладиган ‘сеҳрли таёқча’ йўқ ва у бўлмаслиги ҳам мумкин», — дейди ЖССТ раҳбари.
Гебрейесус ташкилотнинг соғлиқни сақлаш соҳасида фавқулодда вазиятлар бўйича дастури директори Майкл Райан билан биргаликда бутун дунёдаги мамлакатлар ҳукуматини коронавирус тарқалишига қарши жорий этилган хавфсизлик чораларини бекор қилмасликка чақирган. Гебрейесуснинг таъкидлашича, барча инсонларнинг ниқоб тақиб юриши вирусга қарши курашнинг бирдамлик тимсолига айланиши керак.
Аввалроқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бутун дунё бўйлаб 177 та тадқиқот гуруҳи SARS-CoV2 коронавирусига қарши вакцина яратиш билан шуғулланаётгани, бугунги кунда яратилаётган вакциналарнинг асосий қисми клиник синовларгача бўлган текширувлардан ўтгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)