АҚШ президенти Дональд Трамп мамлакатда коронавирус чекина бошлаганини маълум қилди. Бу ҳақда у Оқ уйда бўлиб ўтган матбуот анжумани вақтида таъкидлаган.
«Биз сезиларли даражада прогресс амалга оширилганини кўряпмиз», — дейди Трамп. ABC News’нинг ёзишича, АҚШнинг 15 штатида COVID-19 билан касалланиш ҳолатлари ҳамон ўсмоқда.
Бундан ташқари, Трампнинг баёноти коронавирус бўйича ишчи гуруҳ координатори Дебора Биркснинг мамлакатда COVID-19 инфекциясининг «фавқулодда юқори даражада тарқалиши» ҳамда Қўшма Штатларда пандемиянинг «янги босқичи» бошланаётгани тўғрисида огоҳлантиришидан бир кун ўтиб янграган.
Америка етакчиси, шунингдек, матбуот анжуманида фуқароларни ниқоб тақишга, қўлларни мунтазам ювиш ва ижтимоий масофаланишга риоя қилишга чақирган.
Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, АҚШда ҳозирда коронавирус билан касалланганлар сони 4,7 миллион кишидан ошган, 155,4 мингдан ортиқ бемор COVID-19 қурбонига айланган. Мамлакат коронавирус билан касалланиш ва ўлим ҳолатлари бўйича дунёда биринчи ўринда кетмоқда.
Изоҳ (0)