Xiaomi компанияси Redmi K30 Pro флагманининг ҳамёнбоп версиясига айланиши кутилаётган янги Redmi K30 Ultra смартфонини тақдимотга тайёрламоқда. Янги қурилма тақдим этилишидан олдин TENАА регулятори унинг сурати ва тўлиқ техник тавсифини эълон қилди, деб ёзади GSM Arena.

Фото: GSM Arena

K30 Ultra’нинг K30 Pro’дан асосий фарқи янги платформага ўтилганида. Смартфон MediaTek Dimensity 1000+ процессори базасида ишлайди. Янги чипсет 7 нанометрли архитектурада яратилган ва Cortex-А77 ҳамда Cortex-А55’ларининг ҳар биридан тўрт ядрога эга.

Қурилма тезкор хотираси 6/8/12 гигабайт, ички хотираси эса 128/256/512 гигабайт версияларда тақдим этилади. Аккумулятор сиғими 4500 мА/соатга тенг бўлиб, 33 ваттли тезкор қувватланишга ҳам эга бўлади.

K30 Ultra орқа томонига квадрокамера жойлаштирилган бўлиб, асосий сенсор 64 мегапикселлга тенг. Афтидан камера Redmi K30 Pro модулидан фарқ қилмайди, шу сабабли қолган сенсорлар — 8, 13 ва 2 мегапикселли бўлади. Фронтал камера эса 20 мегапикселлга тенг бўлиб, сирғалувчи механизмга яширилган.

Янги смартфон тақдимоти 14 август кунига мўлжалланган. Ҳозирча Redmi K30 Ultra нархи ошкор қилинмаган. Таъкидланишича, K30 Ultra билан бирга Redmi Watch «ақлли» соатлари ҳам тақдим этилади.

Аввалроқ Xiaomi қурилма экрани ўз корпуси атрофида деярли тўлиқ «айланадиган» ноодатий дизайнга эга янги смартфон яратиш устида иш бошлагани, ичига наушниклар ўрнатиладиган смартфонни патентлагани тўғрисида хабар берилганди.