«Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Telegram’даги «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар қилган.

Қарор билан сейсмология, иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини ва сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги масъул давлат органлари белгиланган.

Ҳукумат таркибий тузилмасида ушбу соҳани мувофиқлаштирувчи шўъба ва тегишли жамғарма ташкил этилган.

Қарорга кўра:

  • 2021 йил 1 апрелдан сейсмик фаол ҳудудда жойлашган мавжуд бино ва иншоотлар, кўп қаватли турар жойларнинг сейсмик заифлигини баҳолашга хизмат қилувчи;
  • 2021 йил 1 майдан янги қурилиши режалаштирилаётган кўп қаватли бино ва иншоотларнинг конструктив тизими, қурилиш майдонининг сейсмик даражаси кабиларни назарда тутувчи электрон техник паспортлар шакллантирилади.

Шунингдек, қарорга мувофиқ:

  • 2021 йил 1 апрелга қадар аҳолига содир бўлган зилзила бўйича тўлиқ маълумот берувчи мобил илова яратилади.
  • 2020 йил 1 ноябрга қадар барча сув омборлари ва гидротехника иншоотларининг сейсмик мустаҳкамлик ҳолатини баҳолаш бўйича экспресс услубиёт ишлаб чиқилади.

Қарор билан Республикада сейсмик хавфсизликни таъминлаш тизимини такомиллаштириш дастури қабул қилинди.