Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент шаҳри Юнусобод туманида яшаган ва коронавирус инфекциясига чалинган Т.С. исмли эркакнинг вафот этгани ҳақида хабар қилди.

Султонбой Тангирбердиев

Фото: ИИВ академияси

62 ёшли Т.С.да 29 июнь куни Ўзбекистон Республикаси ИИБ Марказий госпиталида ўткир аппендицит аниқланган ва оператив даво ўтказилган. 10 июль куни унда COVID-19 тасдиқланган ва бемор оғир ҳолатда Вирусология илмий текшириш институти клиникасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Т.С.га COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши ва икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Касаллик ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир нафас етишмовчилигининг 3-даражаси, ўткир юрак-қон томир етишмовчилиги ва инфексион токсик миокардит асоратлари билан кечган.

Шунингдек, беморда юрак ишемик касаллиги, стабил зўриқиш стенокардияси, гипертония касаллиги, артериал гипертензиянинг 3-даражаси каби ҳамроҳ касалликлар кузатилган.

Шифохонада беморнинг даволаниши давомида шифокорлар томонидан консультация ва консилиумлар қилинган, даволаш жараёни мутахассислар тавсияси асосида олиб борилган.

Асосий касаллик асоратлари ҳисобига аҳволи стабил оғир бўлиб турган бемор, мутахассислар томонидан ўтказилган реанимацион чораларга қарамай, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этди, дейилади ССВ хабарида. Вазирлик ахборотига Т.С.нинг қачон вафот этганига аниқлик киритилмаган.

2020 йил 27 июлда Ички ишлар академияси ахборот хизмати академия фахрийлар кенгаши ва шахсий таркиби истеъфодаги полковниги Тангирбердиев Султонбой Қурбонбоевичнинг вафот этганини хабар қилганди. ССВ ахборотидаги бемор ҳақидаги маълумотлар ИИВ тизимида ишлаган Тангирбердиевга мос келмоқда.

62 ёшли Т.С. Соғлиқни сақлаш вазирлиги юритаётган статистикага кўра коронавируснинг 141-қурбонига айланди. «Дарё» ҳисоби бўйича коронавирусга чалингач, вафот этганлар сони 148 нафарни ташкил этмоқда.

Давлат хизматлари агентлиги 15 июль куни Навоий вилоятидаги 61 ёшли ходими Адҳамжон Деҳқонов, Маданият вазирлиги эса 18 июль куни 32 ёшли ходими Акмал Ирисов коронавирус асоратларидан вафот этгани, Олмалиқ шаҳри ҳокимлиги 9 ва 15 июль кунлари шаҳар шифохоналарида вафот этган икки аёлда коронавирус тасдиқлангани ҳақида хабар берган. Шунингдек, 22 июлда Бош прокурорнинг собиқ ўринбосари, Қорақалпоғистон прокуратурасида бўлим бошлиғи бўлиб ишлаётган 66 ёшли Ҳакимбай Халимов, Чилонзор тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бактериология лабораторияси мудири 62 ёшли Марҳабо Аҳмедова коронавирус асоратларидан вафот этгани хабар қилинган.

Шунингдек, 31 июль куни Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси, Олий Мажлис Сенати раиси ўринбосари Муса Ерниязов 72 ёшида Нукусда вафот этди. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ) 18 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязов коронавирусга чалингани ҳақида хабар берган эди.

Бироқ ушбу етти ўлим ҳақида ССВ томонидан айни вақтгача ахборот берилмаган.