Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камоловда коронавирус аниқланган. Бу маълумотни АОКА штабида ўтказилган матбуот анжуманида Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ҳабибулло Оқилов ва Республика ихтисослаштирилган Эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Анвар Алимов тасдиқлади.

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги

Анжуманда журналистлар томонидан Ўктам Барноевнинг коронавирусга чалингани ҳақидаги маълумот қанчалик ростлиги ва бу маълумотларни шифокорлар тасдиқлай олиш-олмаслиги ҳақида савол берилди.

Шифокорлар бош вазир ўринбосари Ўктам Барноевнинг коронавирусга чалингани ҳақидаги саволни тасдиқлаб туриб, кейин Бухоро вилояти ҳокимининг коронавирус юқтириб олгани ҳақида гапирди.

«Тасдиқлай оламиз. Ҳозир бемор коронавирус билан касалланган», — деди Анвар Алимов.

«Ҳозирги кунда Қорақалпоғистонда Муса Тажетдинович, Сурхондарё ва Бухоро ҳокимлари ҳақиқатдан даволанишда», — деди Ҳабибулла Оқилов.

Маълумот учун, Ўктам Барноев 2020 йил февраль ойидан буён Ўзбекистон бош вазири ўринбосари ҳисобланади. Унгача Барноев Бухоро вилояти ҳокими бўлган. Ҳозирда Карим Камолов Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи бўлиб ишламоқда.

Шифокорларнинг сўзларидан сўнг кўплаб интернет-нашрлар ва Telegram каналлар бош вазир ўринбосари Ўктам Барноевнинг коронавирусга чалингани ҳақида хабар беришни бошлади.

Тадбирдан сўнг «Дарё» мухбири матбуот анжумани иштирокчиларидан коронавирусга чалинган Ўктам Барноев ёки Карим Камолов эканлиги ҳақида аниқлаштирувчи савол берди. Шифокорлар Бухоро вилояти ҳокими Карим Камолов касалликка чалинганини айтди. Бироқ матбуот анжумани иштирокчилари Ўктам Барноев бўйича аниқ жавоб бера олмади.

Эслатиб ўтамиз, 18 июль куни Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси, сенатор Муса Ерниязов ва Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовнинг коронавирус юқтириб олгани ҳақида хабар берилганди. Ерниязов Нукусда, Боболов эса Тошкентда даволанаётгани ва уларнинг аҳволи барқарор эканлиги ҳам маълум қилинган. 30 июль куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Муса Ерниязовнинг аҳволи оғир, у сунъий нафас олиш аппаратига улангани маълум қилинди.