Тошкент вилояти Зангиота туманида коронавирусни даволаш учун қуриб, фойдаланишга топширилган кўп тармоқли юқумли касалликлар шифохонасида ишлаётган бирорта ҳам тиббиёт ходими коронавирусга чалинмаган. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Беҳзод Мусаев «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюда маълум қилди. Интервьюдаги кадрда унинг 28 июль куни тасвирга олингани кўринган. Интервью 29 июль куни эфирга узатилган.

Кадр: «Ўзбекистон 24»

Беҳзод Мусаевнинг маълум қилишича, мазкур шифохонага коронавируснинг оғир шакли билан касалланиб, стационар шароитда даволанишга муҳтож бўлган беморлар жойлаштирилмоқда.

Унинг сўзларига кўра, биринчи босқичда шифохонанинг 600 ўринли биринчи комплекси ишга туширилган. Икки ҳафта аввал 600 ўринли иккинчи комплекс ҳам иш бошлаган. Шифохонанинг учинчи комплекси 4 кун аввал ишга туширилган. Шифохонадаги тўртинчи комплекс 29 июлдан бошлаб беморларни қабул қилишга тайёр бўлади.

Ҳукумат вакилининг билдиришича, мазкур шифохонада жами 3500 нафар беморни қабул қилиш режалаштирилмоқда. Шифохонада ҳар бир беморлар бокс палаталарда ётади, уларнинг барчаси кислород билан тўлиқ таъминланган.

Интервьюда намойиш этилган тақдимотда эса биринчи комплекс 500 та, иккинчиси 550 та, учинчиси 423 та, тўртинчиси 100 та ва бешинчи комплекс 590 та ўринга эга эканлиги акс этган.

Кадр: «Ўзбекистон 24»

Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ҳабибулла Оқилов 28 июль куни бўлиб ўтган брифингда мазкур шифохонанинг тўртта комплекси ишга тушганини ва ҳафта охирига қадар бешинчи комплекс ҳам ишга туширилишини айтган.

Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ҳам «Ўзбекистон 24» телеканалига мазкур шифохона ҳақида маълумот берган. Унинг сўзларига кўра, шифохонанинг учта комплекси иш бошлаган, тўртинчи ва бешинчи комплексларни фойдаланишга топшириш бўйича иш олиб борилмоқда. Азиз Абдуҳакимовнинг сўзларига кўра, шифохонадаги ўринлар сони мазкур ҳафтада 1700 тага етади, кейинги ҳафтада яна 500 та ўрин қўшилади.

Беҳзод Мусаевнинг билдиришича, мазкур шифохонада ҳаво айланиш тизими яхши йўлга қўйилгани туфайли бирорта шифокор ёки ҳамшира коронавирус билан касалланмаган. Шу билан бирга, шифохонада 15 кунлик иш фаолиятидан кейин яна ишни давом эттириш истагини билдирган шифокор, ҳамшира ва санитар ходимларга белгиланган 25, 15 ва 10 миллион сўмга қўшимча равишда кейинги давр учун яна 10 фоиз қўшимча ҳақ тўланиши йўлга қўйилган.

Шунингдек, беморларни даволашга жалб қилинган шифокорларга қўшимча равишда ҳар 100 нафар беморга бир нафар катта тажрибага ва илмий даражага эга шифокор ва олимлар бириктирилган. Шунингдек, бу тажриба Тошкент шаҳридаги COVID-19 касаллигини даволаётган барча тиббиёт муассасаларида қўлланилмоқда.