Покемон оламида жуда ноёб ҳисобланувчи Pikachu Illustrator карточкаси аукцион орқали 250 минг долларга сотилди. Бу турдаги карточкалардан жами 39 дона чиқарилган бўлиб, ҳозирда ўнгга яқини қолган, деб ёзади Hypebeast.
1998 йилда ишлаб чиқарилган Pikachu Illustrator карталари CoroCoro Comic иллюстраторлар мусобақасида мукофот сифатида берилган.
Бу каби карточканинг ноёблиги ва қадрлилиги унинг ўнгга яқин қолганида эмас, балки унинг иллюстрациясини Пикачуни яратган дизайнер Ацуко Нисида чизганида.
Таъкидланишича, 2019 йилда шу турдаги карточкалардан бири 195 минг долларга сотилган.
Пикачу ва бошқа покемонлар япониялик гейм-дизайнер Сатоси Тадзири сабаб пайдо бўлган. У раҳбарлик қилган Game Freak студияси 1996 йили иккита «Покемон» ўйинини чиқарган ва бу ўйин бутун дунё бўйлаб тезда оммалашиб кетган. Кейинчалик ўйин асосида аниме, манга, коллексион қарта ўйини ва бошқа шунга ўхшаш маҳсулотлар ишлаб чиқарилган.
«Покемон» сўзи суперқобилиятларга эга бўлган, ўйлаб топилган махлуқни ифодалаш учун ишлатилади. Пикачу эса мазкур франшизанинг энг таниқли ва машҳур қаҳрамонларидан биридир.
Изоҳ (0)