1722 йил июлида Бостонда ҳиндуларга қарши уруш декларацияси эълон қилинди. Бир ҳинду бошига эса 15-100 фунт ваъда қилинди. «Дарё» 1722–1725 йилларда содир бўлган урушнинг сабаб ва оқибатлари ҳақида ҳикоя қилади.
Даммер уруши: сабаб, оқибат ва натижа
«Раля ота уруши» номи билан танилган Даммер уруши Англия ва Франция билан иттифоқдош бўлган Вабанак иттифоқи таркибига кирган абенаки, микмак ва алесит ҳинду қабилалари ўртасида 1722–1725 йилларда содир бўлди. Урушни келтириб чиқарган асосий омил Буюк Британия ва Франция ўртасидаги чегарадаги низолар эди. 1710 йилда Акадиянинг Англия томонидан эгалланиши Янги Шотландиянинг Буюк Британия назоратига ўтишига олиб келди, Нью-Брунсвик ва янги Мейн эса мунозарали ҳудуд бўлиб қолди.Аслида эса жанглар минтақада британ аҳоли пунктларининг кенгайиши туфайли бошланган эди. Урушнинг энг кўзга кўринган вакиллари инглиз қўмондони, Массачусетс штати губернатори Уильям Даммер ва ҳинду қўшини раҳнамоларидан бири, француз руҳонийси Рал эди. Айнан уларнинг шарафига уруш Даммер ёки Раля ота уруши номларини олди.
Уруш учун тарихий шароитнинг етилиши
1713 йилда испан тахти ворислиги учун кечган урушлар тугайди. Натижада Шимолий Американинг шимоли-шарқий чегаралари ўзгартирилади, аммо шартномада ҳиндуларнинг маҳаллий ерларга бўлган ҳуқуқларини ҳисобга олмайди. Чегаралари баҳсли бўлишига қарамай, кейинчалик ҳудудида Янги Шотландия провинцияси тузилган француз Акадияси Буюк Британияга берилади. Европа давлатлари ўртасида мунозарага сабаб бўлаётган Кеннебек дарёси (шарқий Мейн) ва Чинекто (ҳозирги Канаданинг Нью-Брунсвик вилояти ҳудуди) орасидаги ерлар орасидаги Вабанак иттифоқи таркибига кирган, ҳудуднинг катта қисми устидан суверенитетга эга бўлган алгокин ҳинду қабилалари эгаллаб олган эди.Массачусетс губернатори Жозеф Дадли Нью-Хемпширда йирик тинчлик конференциясини ўтказади. Музокаралар давомида ҳинд раҳбарлари французларнинг шарқий Мейн ва Ню-Брунсвикдаги ҳудудларини Британияга бергани ҳақидаги даъволарига оғзаки равишда эътироз билдиради, шунингдек, Кеннебек дарёси бўйидаги чегараларни тасдиқлашга ва ўз ҳудудларида Британия савдо пунктларини ташкил этишга келишиб олади.
Порцмут шартномаси 1713 йилнинг 13 июлида иттифоқ қабилаларининг саккиз вакили томонидан ратификация қилинади. Кейинги йили абенаки қабиласи бошлиқлари ҳам шартномага қўшилади, аммо микмаклар 1726 йилгача шартномани имзоламайди. (Reid, John; Basque, Maurice; Mancke, Elizabeth; Moody, Barry; Plank, Geoffrey; Wicken, William (2004). The 'Conquest' of Acadia, 1710: Imperial, Colonial, and Aboriginal Constructions. Toronto: University of Toronto Press)
Шартноманинг бузилиши
Тинчлик битимидан кейин Янги Англия шаҳарчалари Кеннебек дарёси шарқига қадар кенгайиб, кўп сонли колонистлар Янги Шотландия ҳудудларида балиқ овлашни бошлади. Микмак ерларига ҳужум қилиб, қишлоққа бостириб кирган ва балиқчиларга ҳужум қилган инглизлар Кансо шаҳрида балиқ овлаш қишлоғини қурди. Бунга жавобан 1720 йилда Янги Шотландия губернатори Ричард Филипп Кансо шаҳрида, Массачусетс губернаторлари Жозеф Дадли ва Семюел Шутлар Кеннебек атрофида қалъалар қурди: Брансуикда Жорж қалъаси (1715), Арросикада Менаску (1717), Томастонда Сент-Жорж (1720) ва Ричмондда Ричмонд (1721) қалъаси. (Williamson, William Durkee. The History of the State of Maine: From Its First Discovery, A.D ..., Volume 2 — 1832). Бу орада французлар томонидан Медисон шаҳридаги Норрижвок абенаки қишлоғида, Кеннебек дарёсида ва Сент-Жон дарёсидаги малецит қишлоғида черковлар қурилди.1717 йилда Мен штатидаги Арросика шаҳрида губернатор Шут ва ҳинду иттифоқи вакиллари иштирокида музокаралар бўлиб ўтди. Учрашув давомида томонлар ҳинду ерларига нисбатан амалга оширилаётган босқинчилик ҳаракатлари ва Британия савдо постларини яратиш масалаларини муҳокама қилди. Кеннебеклар бошлиғи Вивурна уларнинг ерларига аҳоли пунктларини ўрнатган мустамлакачиларга қарши чиқди, у ҳиндуларнинг бу ерларда мутлақ ҳуқуқи борлигини таъкидлади.
Вабанаклар инглизлар бундан кейин кирмайдиган аниқ чегара белгиланса, амалда мавжуд аҳоли пунктларини тан олишга тайёр эдилар. Бироқ Шут такаббурлик билан жавоб берди: «Биз ўзимизга тегишли ҳудудлар фақат бизники бўлишини истаймиз». (Morrison, Kenneth (1984). The Embattled Northeast: The Elusive Ideal of Alliance in Abenaki-Euramerican Relations. University of California Press).
Кейинги бир неча йил ичида Англия мустамлакачилари Кеннебек дарёсининг шарқидаги ҳинду ерларига бостириб киришда давом этди, вабанаклар бунга уларнинг чорваларини ўғирлаш билан жавоб қайтарди. Янги Шотландия Кансоси 1720 йилда микмаклар ва француз қўшинлари ҳужумига учради ва бу ҳолат кескинликни янада оширди. 1721 йил июлида ҳиндулар ишлов берилган мўйналар эвазига аввалги музокаралар давомида гаровда қолдирилганларни қайтариб беришни талаб қилди. Массачусетс штати бунга расмий жавоб бермади.
Вабанаклар мунозарали ҳудудларда уларнинг суверен ҳуқуқларини тасдиқловчи ва бу ҳуқуқлар бузилган тақдирда куч билан жавоб қайтарилувчи ўзаро чегараларни белгилайдиган ёзма ҳужжат тайёрлади. Шут ушбу шартномани «қўпол ва таҳдидли» деб баҳолади ва Арросикага қўшин юборди. Шунингдек, у вабанакларнинг даъволари руҳоний Рал отанинг фаолияти билан боғлиқ француз фитнасининг бир қисми эканини таъкидлади.
Эълон қилинмаган уруш
Шут вабанакларнинг талаблари французлар томонидан қўллаб-қувватланганига амин эди, шунинг учун у 1722 йилнинг январида Рални қўлга олиш учун Томастон шаҳридан полковник Томас Вестбрук бошчилигида ҳарбий экспедиция юборди. Қабила аҳолисининг кўп қисми овда эди, Вестбрук 300 аскари билан Рални қўлга олиш учун Норрижвокни қуршаб олди, аммо хавфдан огоҳлантирилган Рал ўрмонга қочиб кетди. Тинтувлар вақтида аскарлар Ралнинг сандиғидаги махфий бўлинмани, ундан Ралга тегишли ёзишмаларини топади. Ёзишмалардан маълум бўлишича, руҳоний Канададаги Франция ҳукуматининг агенти эди. (Williamson, William Durkee. The History of the State of Maine: From Its First Discovery, A.D ..., Volume 2. — 1832).Норрижвокка уюштирилган ҳужумга жавобан абенакилар 13 июнь куни капитан Жон Гайл бошчилигида Жорж қалъасига бостириб кирди ва у ердаги уйларни ёқиб юборди. Қўлга олинган 60 га яқин маҳбуснинг кўпчилиги кейинчалик қўйиб юборилди. Бундан ташқари, Рал отага қилинган ҳужумга жавобан 165 нафар микмак ва малесит ҳиндулари Минасда (Янги Шотландия) Аннаполис-Роялни қамал қилиш учун тўпланди. 1722 йилнинг май ойида лейтенант-губернатор Жон Дакет Янги Шотландия пойтахтига ҳужумларга йўл қўймаслик учун 22 микмакни гаровга олди. Июль ойида абенаки ва микмаклар очарчилик келтириб чиқариш мақсадида Аннаполис-Роялни қамал қилди.
Урушнинг бошланиши
1722 йилнинг 25 июлида губернатор Шут расмий равишда Вабанак иттифоқига қарши уруш эълон қилди. Лейтенант губернатор Вильям Даммер Массачусетс штати томонидан уруш олиб бориш учун жавобгарликни ўз зиммасига олди, чунки Шут 1722 йил охирида Вилоят кенгаши билан келишмовчилик туфайли Англияга жўнаб кетганди.1722 йил 10 сентябрда 400-500 нафар микмак қабиласи аъзоси Мейннинг Арросика шаҳрига ҳужум қилди. Шаҳар аҳолиси ўз ерларини ҳиндларнинг ихтиёрида қолдириб, қалъага чекинишга мажбур бўлди. Ҳиндулар 50 бош қорамолни ўлдирди ва қалъа ташқарисидаги 26 та уйга ўт қўйишди, кейин эса истеҳкомга ҳужум қилишди, аммо бу ҳаракат у қадар самарали бўлмади. Ортга қайтган ҳужумчилар Норрижвок йўлида Ричмонд қалъасига ҳужум қилди. Браунсуик ва Кеннебек яқинидаги бошқа аҳоли пунктлари ёқиб юборилди.
Вабанак иттифоқи 1723 йил давомида Янги Англия чегараси бўйлаб жойлашган шаҳарларга қарши, асосан, Мейнда жанг олиб борди. 1723 йилги кампания апрель ойида бошланиб, декабргача давом этди. Ҳиндуларнинг бу каби ҳужумлари Мейн чегараси бўйлаб шу қадар хавфли эдики, Даммер 1724 йил баҳорида аҳолини эвакуация қилишни буюрди.
1724 йилнинг баҳорида иттифоқ Мейн билан чегара бўйлаб 10 марта жанглар уюштирди, натижада 30 дан ортиқ киши ўлдирилди, ярадор қилинди ёки асирга олинди. Бу вақтда Томастондаги Сент-Жорж қалъаси капитан Жозея Уинслоуга топширилди. 1724 йил 30 апрелда Уинслоу ва сержант Харви 17 киши билан иккита қайиқда қалъани тарк этиб, Грин оролига бориб тушди. Эртаси куни бўлиниб кетган гуруҳ тахминан 200-300 кишидан иборат абенакилар ҳужумига учради. Харви, капитан Уинслоу ва унинг одамларини ўлдирди.
1724 йилнинг иккинчи ярмида инглизлар Кеннебек ва Пенобскот дарёлари бўйида ҳужум бошлади. 22 августда капитан Молтон ва капитан Ҳармон Рал отани ўлдириш ва аҳоли пунктини вайрон қилиш учун 200 аскарни Норрижвокка юборишди. Қишлоқни 160 абенаки ҳимоя қилиши керак эди, аммо уларнинг кўпчилиги жанг қилишдан кўра қочишни афзал кўрди. Жангнинг биринчи дақиқаларида руҳоний Рал, шунингдек, қабила бошлиғи ва деярли 20 аёл ва бола ўлдирилган. (Wicken, William. Mi'kmaq Treaties on Trial. University of Toronto Press, 2002). Ҳармон абенаки далаларини вайрон қилди ва қишлоқни ёқиб юборди, қочишга муваффақ бўлган ҳиндулар шимолга, Квебекнинг Беканкур қишлоғига кўчиб ўтишга мажбур бўлди.
1723 йил 13 августда ғарбий абенаки қабилалари бошлиғи Лок Грэй Массачусетс штатидаги Нортфилдга қарши урушга киришди. Эртаси куни улар Ратленд шаҳрида Жозеф Стивенс ва унинг тўрт ўғлига ҳужум қилди. Стивенс қочиб кетди, унинг икки ўғли ўлдирилди ва яна иккитаси асирга олинди. 1723 йил 9 октябрда Лок Грэй Нортфилд яқинидаги иккита кичик қалъага ҳужум қилиб, бир кишини асирга олди.
Бунга жавобан губернатор Даммер Вермонт штатидаги Бретлборо шаҳрида Даммер қалъасини қуришга буйруқ берди. Қалъа разведка операциялари учун асос бўлди ва Вермонтдаги биринчи доимий аҳоли пунктига айланди. 1724 йил 18 июнда Лок Грэй Хатфилдда бир гуруҳ одамларга ҳужум қилди. Кейин у Дейрфилд, Нортфилд ва Вестфилдга юриш уюштирди. Босқинга жавобан Даммер Массачусетс штатининг Норфилд, Брукфилд, Дирфилд ва Сандерленд шаҳарларини ҳимоя қилиш учун қўшимча кучларни сафарбар қилди.
1724 йил 11 октябрда 70 нафар абенаки қўшини Даммер қалъасига ҳужум қилди ва бир нечта аскарни ўлдирди. 1725 йил сентябрида Даммер қалъасидан олти кишилик разведка отряди жўнатилди. Лок Грэй ва 14 ҳиндудан иборат гуруҳ уларни Коннектикут дарёсининг ғарбий томонида қўлга олди, икки киши ўлдирилди ва учтаси асир олинди.
Урушнинг тугаши ва тинчлик музокаралари
Французлар уларни урушни давом эттиришга ундаган бўлса-да, Пенобскот қабиласининг бошлиқлари 1724 йил декабрда Даммер билан тинчлик музокараларини бошлашга тайёрликларини билдиришди. Март ойидаги музокаралардан сўнг Даммер 1725 йил 31 июлда ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилишини эълон қилди. Тинчлик шартномаси 1725 йил 15 декабрда Мейнда ва 1726 йил 15 июнда Янги Шотландияда кўплаб қабила бошлиқлари иштирокида имзоланди. Битимни 1727 йилнинг ёзида Фалмут учрашувида Лок Грэйдан ташқари ҳамма тасдиқлади. Унинг босқинчилик ҳаракатлари 1727 йилда тўхтатилди ва шундан сўнг у инглиз йилномаларидан ғойиб бўлди.Уруш натижалари. Ким нимага эришди?
Уруш инглиз қўшинларининг ғалабаси ҳозирги Мейн ва Нью-Брунсвик ҳудудларини босиб олиши ва туб аҳолининг Квебекга чекиниши билан якунланди. Ҳиндулар эса Кеннебек ва Пенобскот дарёлари бўйлаб ерларга эгалик ҳуқуқини қўлга киритдилар. Уруш, шунингдек, Европа давлати ва туб аҳоли ўртасида тинчлик шартномаси имзоланиши билан якун топган Шимолий Америкадаги биринчи тўқнашув бўлди.Тинчлик шартномаси имзоланганидан сўнг қирол Жоржнинг 1740 йилларда олиб борган урушига қадар бу ҳудудда катта можаролар содир бўлмаган.Нью-Брунсвик ва Янги Шотландиядаги битим Британиянинг микмаклар ва малеситлар билан муносабатларида сезиларли силжишларга олиб келди, эндиликда улар ўзларини Британия субъектлари деб тан олишдан бош тортди. Французлар Мейн тоғидан маҳрум бўлди, фақат Нью-Брунсвик бир неча йиллар назорат остида қолди. Янги Шотландияда тинчлик 18 йил ҳукм сурди. (Faragher, John Mack, A Great and Noble Scheme. New York; W. W. Norton & Company, 2005). Ле Лутра ота уруши охирида инглизлар Нью-Брунсвикни ўз назоратларига олди. Бу вабанаклар француз манфаатларини қўллаб-қувватлаш учун эмас, балки ўз шартлари ва манфаатлари учун инглизларга қарши курашган ягона уруш эди.
Дилбар Исматуллаева тайёрлади.
Изоҳ (0)