Президентнинг «Умумтаълим муассасалари битирувчиларининг якуний давлат аттестацияси ҳамда олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларини унификация қилиш ва ягона имтиҳонни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Фото: «Дарё»

Унга кўра,  «2020/2021-ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида»ги Президент қарори ижросини амалга ошириш мақсадида 2021/2022-ўқув йилида тажриба синов тариқасида Ўзбекистон таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан белгиланадиган ҳудуддаги умумий ўрта мактаб ва академик лицей, 2022/2023-ўқув йилидан бошлаб барча умумий ўрта мактаб, академик лицей ва қабули 9-синф негизи асосида амалга ошириладиган касб-ҳунар мактаби (умумтаълим муассасалари) битирувчиларининг якуний давлат аттестацияси ҳамда олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари унификация қилиниб, ягона тест синовларини ўтказиш йўлга қўйилади.

Белгиланишича:

  • умумтаълим муассасаларининг жорий йил битирувчилари якуний давлат аттестацияси имтиҳони сифатида учта фан – она тили (ўзбек, рус ёки қорақалпоқ тили), математика ва Ўзбекистон тарихи фанларидан тест синовларини топширади;
  • мажбурий фанлар бўйича тест синови натижаларини умумтаълим муассасаси битирувчиларининг умумий таълим тўғрисидаги ҳужжати (шаҳодатнома, дипломи)га қўйилади;
  • олий таълим муассасаларига кириш истагини билдирган умумтаълим муассасалари битирувчилари шахсий танловига кўра, ихтиёрийлик асосида бакалавриат таълим йўналишларига мос фанлардан тест синовларини топширилади;
  • 2022 йилдан бошлаб, аввалги йилларда таълим муассасаларини тугатганлар белгиланган муддатларда бакалавриат таълим йўналишларига мос фанлар ва мажбурий фанлардан тест синовларини топширади.

Тест синовлари натижалари олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ўтказиладиган танловда баҳолаш мезонларига мувофиқ инобатга олинади.

Шунингдек, абитуриентга тест синови топширилган фани бўйича 3 йил муддатда амал қиладиган абитуриент электрон сертификати берилади.

Тест синовлари Ўзбекистон таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан умумтаълим муассасаларини жорий йил битирувчилари учун май июнь ойларида, умумтаълим муассасаларини аввалги йилларда тугатганлар учун июнь—июль ойларида ўтказилади.

Ушбу қарор лойиҳаси муҳокамаси 8 августга қадар давом этади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда карантин вақтида аҳолига имкон борича қўшимча қулайлик яратиш бўйича белгиланган вазифаларни амалга ошириш ҳамда кўпчилик ота-оналарнинг илтимосларини инобатга олиб, бу ўқув йили мактаблардаги якуний имтиҳонлар бекор қилинди.

ОТМларга кириш имтиҳонларини эса 25 июлдан 20 августгача ўтказиш режалаштирилаётганди. Бироқ мамлакатда коронавирус билан боғлиқ вазиятнинг кескинлашаётгани сабабли 10 июлдан 1 августгача мамлакатда қатъий карантин чоралари жорий қилинди.

Шу сабабли рўйхатга олиш 20 июндан 20 июлга қадар барча ҳудудларда ДТМнинг расмий веб-сайти ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали , республиканинг 8 та туманида эса Давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилди. 21 июль куни абитуриентларни рўйхатга олиш якунланди. Рўйхатдан ўтган жами абитуриентлар сони 1 484 085 нафарни ташкил этди. Уларнинг энг ёши 13, энг каттаси 95 ёшда.