Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Барно Одилова уйда даволанаётган беморлар парваришида аҳамият берилиши керак бўлган жиҳатларга тўхталди.

Мутахассис томонидан уй шароитида коронавирусдан даволанаётган беморлар парваришида ўз-ўзини назорат қилиш тизимини қўллашни тавсия этилди. Бунда беморларнинг муайян саломатлик кўрсаткичлари уларга қаровчи шахслар томонидан назоратга олинади.

Юрак уриш тезлиги (меъёрда 70 дан 90 тагача бўлиши. Тана ҳарорати ошганда зарб тезлашиб кетиши мумкин).

Нафас олиш тезлиги. (Катта ёшли одамларда дақиқасига 16 тадан 20 тагача меъёрий тезлик). Агар у 30 тадан юқори бўлса, тинч ҳолатда ҳансираш пайдо бўлса, ҳарорат 38,5 даражадан юқори бўлса, қайталаса, йўтал пайдо бўлса ёки кучайса, дарҳол тез ёрдам хизматига қўнғироқ қилиш лозимлиги билдирилди.

Айни ҳолатларнинг ўзи беморнинг шифохонага ётқизилишига кўрсатма бўлиши айтилди.

Айни жараёнларгача бўлган барча ҳолатлар амбулатор, яъни уй шароитида даволанади.

Мутахассис фикрича, беморларнинг уйда жисмоний фаоллик билан шуғулланиши, жумладан, эрталаб ўрин олдида енгил жисмоний ҳаракатлар қилиш, хонанинг ўзида пиёда юриш машқларини бажариши муҳим. Ҳар битта ҳаракат организмда қон айланишининг яхшиланиши, ўпкага келадиган кислород миқдорининг ошишига сабаб бўлади.

Шунингдек, нафас олиш машқларининг аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтилди. Беморлар ҳар 2-3 соатда кўкрак қафаси, қорин мушаклари, елка мушакларини ҳаракатга келтирадиган тарзда тўлиқ нафас олиши ва иложи борича, саломатлик ҳолатидан келиб чиққан ҳолда 1 дақиқагача сақлаб туриб, сўнгра секин-асталик билан чиқариши лозим бўлади. Машқни беморлар умумий аҳволига қараб 5-10 мартадан такрорлаши мумкин. Айни хатти-ҳаракатлар кислороднинг максимал миқдорда организмга кириши, ўпкадаги алвеолаларни кислородга тўйиниши, ўпкада қон айланиши тизими яхшиланиши ҳисобига пневмониянинг олдини олишга ёрдам бериши таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусдан уй шароитида даволанаётганларга тиббий ёрдам бериш учун мобил гуруҳлар ташкил этилган, 5 июлдан бошлаб коронавирусга чалинган айрим тоифа беморлар ўз уйида даволаниши мумкинлиги белгилаб қўйилган.