Тошкент вилояти Зангиота тумани Ихтисослаштирилган кўп тармоқли юқумли касалликлар шифохонасига шифокор ва ҳамширалар ишга таклиф қилинмоқда. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Дарё»

Унга кўра, қуйидаги мутахассисликлар бўйича ишга таклиф этилади.

Шифокорлар:

  • Анестезиолог-реаниматолог;
  • Инфекционист;
  • Эпидемиолог;
  • Врач-лаборант;
  • Врач-рентгенолог ва бошқа барча мутахассисликлар бўйича шифокорлар.

Ҳамширалар:

  • Реанимация ҳамшираси;
  • Палата ҳамшираси ва бошқа барча йўналишлар бўйича ўрта тиббиёт ходимлари;
  • Кичик тиббиёт ходимлари.

Хабарга таъкидланишича, 14 кунлик иш фаолияти учун иш ҳақи жойида берилади. Ишлаш истагини билдирганлар қуйидаги телефон рақамлари орқали ССВнинг ходимлар бўлимига мурожаат қилиши мумкин: (71) 241-12-02, (71) 241-18-70, (71) 241-54-54.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус инфекциясидан зарарланган беморлар билан мулоқотга киришадиган, зарарланган беморлар жойлаштирилган объектларда ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган тиббиёт ходимларига ҳар 14 кунлик фаолият даври учун махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови белгиланган. Шунингдек, беморлар билан ишлаш давомида коронавирус инфекциясини юқтириб олган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга 100 миллион сўмдан тўланади.

Коронавирус инфекциясига қарши курашиш доирасида беморлар билан ишлаган вақтида коронавирус инфекциясини юқтириш натижасида оғир аҳволга тушган ва соғлиғи тикланмаган тақдирда тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга ёки уларнинг оила аъзоларига эса 250 миллион сўм миқдорида бир марталик тўловлар тўланади.