«Дарё»ни Telegram’да ўқинг! Join!
17:21, 20.07.2020 38308

Голливуд афсонаси Одри Хепбёрннинг гўзаллик сирлари

«Тиффанида нонушта», «Рим таътили», «Сабрина» ва яна бир қанча фильмларда маҳорат билан роль ижро қилган актрисанинг нафақат истеъдоди балки, ўзига хос кийиниш услуби ҳали-ҳануз эътироф этиб келинади.

Фото: «Яндекс Дзен»

Актрисанинг гўзаллиги ҳам тилларда достон бўлган. «Франциянинг барча йигитлари Одрига ошиқ», — деб ёзганди бир вақтлар Кристиан Лакруа. Лекин Хепбёрннинг мухлислари фақатгина Францияда бўлмаган. У АҚШ киноматография фан ва санъати академияси томонидан Америка киносининг энг буюк актрисалари рўйхатида учинчи деб топилган. Актрисанинг кийиниш услубининг ўзига хослигида, француз дизайнери Юбер Живаншининг хизмати катта. Чунки айнан у актрисанинг фильмларда кийган либослари дизайнери ҳисобланади. «Ҳар бир аёл гўзал бўлишни истайди. Бу либосда мен ўзимни айнан шундай гўзал ҳис қиламан. У менга омма олдида чиқиш қилиш учун ишонч бағишлайди», — деган актриса.

Фото: «Яндекс Дзен»

Актрисанинг гўзаллиги фақатгина кийиниш услуби ёки макияжида бўлмаган. Унинг меҳрга тўла ва ҳаётга чанқоқ кўзлари чиройига чирой қўшган.

Фото: «Яндекс Дзен»

Одри фақат актрисалик билан овора бўлиб қолмаган, у ўз устида ишлаган ва кўпроқ нарса ўрганишга ҳаракат қилган. 6 тилда сўзлаша олгани эса бунинг исботи. Унинг гўзаллик ҳақидаги қарашлари ҳам бошқаларникидан фарқ қилган. Аёллар гўзаллиги кўзларида акс этиши, кўзлар эса қалб ойнаси, қалб бўлса меҳр ва муҳаббат макони. Аёлнинг асл гўзаллиги атрофдагиларга қалбдан ғамхўрлик қилиши ва севги улаша олишида намоён бўлади, деб ҳисоблаган актриса.

ХХ аср гўзаллик тимсолларидан бири шунингдек, БМТ ва ЮНИСЕФ каби халқаро ташкилотларнинг ҳам фаолларидан бўлган. У турли мамлакатлардаги болалар муаммоларига диққат қаратишга уринган ва инсонийлик ёрдами кўрсатишда ҳам биринчилардан бўлган.

Фото: «Яндекс Дзен»

Бугунги кунга келиб гўзаллик маълум стандарт ёки қолипга тушиб қолган, чиройли қиёфа эгаларининг эса бир-биридан ажралиб турадиган жиҳати йўқ. Аслида эса ҳақиқий гўзаллик ўзига хосликни сақлаб қолиш, бошқаларга ўхшамаслик, ўз устида ишлаш ва энг асосийси қалб гўзаллигидадир. Одри Хепбёрн шуларнинг барини ўзида мужассам қилгани унинг гўзаллик сири ҳисобланади.

Изоҳ қолдиришдан аввал, қоидалар билан танишиб олинг: http://dy.uz/sBU7c