Туркманистонда масжидлар, черковлар ва бошқа ибодат муассасалари ҳамда зиёратгоҳлар вақтинчалик ёпилди. «РИА Новости»нинг ёзишича, мамлакатнинг Дин ишлар бўйича кенгаши муассасалар вирусли инфекциялар тарқалишига қарши профилактика ишлари олиб бориш учун ёпилганини маълум қилган.
Аввалроқ «ТАСС» хабар берганидек, Туркманистон темир йўллари мамлакатда 16 июлдан 23 июлга қадар поездлар ҳаракати вақтинчалик тўхтатилганини маълум қилганди. Шунингдек, бир қатор вилоятларда шаҳарлараро автобус қатнови тўхтатилган.
Бундан ташқари, «Туркменистан сегондя» нашрининг ёзишича, ҳавода «чанг зарралари миқдори ошганлиги» аниқлангани учун барча ҳудудларда дезинфекциялаш бўйича комплекс ишлар олиб борилмоқда. Таъкидланишича, бу «бугунги кунда бутун инсоният учун жиддий ташвиш туғдираётган юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш учун» амалга оширилмоқда.
Пойтахт Ашхободда ресторан ва кафелар ёпилган, бутун мамлакат бўйлаб эса ниқоб режими жорий этилган.
Эслатиб ўтамиз, Туркманистонда коронавирус расман қайд этилмаган. Мамлакатда 6 июлдан 15 июлгача Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти миссияси текширув ўтказди. Ташриф якунларига бағишланган брифингда миссия раҳбари Кэтрин Смолвуд мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлигига таянган ҳолда Туркманистонда COVID-19 инфекциясига чалиниш ҳолати борлигини тасдиқламаган.
Изоҳ (0)